Ҳашар – юрт ободлиги ва ҳамжиҳатлик рамзи (+видео)
Неча йилдирки, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳару қишлоқларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, дарахтлардан гулдасталар тутиб, Наврўз эшик қоқаётган шу кунларда халқимизнинг кайфияти, ғайрати, шижоати ўзгача.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13-14 март кунлари юртимизда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон президентининг «2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, байрам арафасида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, офицер ва сержантларидан тортиб курсанту талабаларигача, ушбу жараёнларда муносиб иштирок этмоқда.
Шуниси эътиборлики, улар экаётган кўчатларини ҳам ўзлари университет ҳудудида меҳр билан етиштирганлар. Бу минглаб туп навниҳоллар ҳадемай ўлкамизни олам ҳавас қилгулик сўлим гўшага айлантириши шубҳасиз.
Хайрия ҳашари давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида университет ҳудудида 3000дан ортиқ манзарали ва 1000 га яқин мевали дарахт кўчатлари ва 10 мингдан ортиқ атиргул қаламчалари экилди. Шунингдек, Ҳашар давомида хизмат бинолари атрофини тартибга келтириш, ҳудудларни тозалаш, дарахт ва манзарали кўчатларга ишлов бериш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда ободонлаштиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.
Наврўз байрами арафасида ташкил этилаётган бундай хайрли тадбирлар нафақат ҳудудларни ободонлаштириш, балки табиатга меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиш, покиза муҳитни асраб-авайлаш каби эзгу фазилатларни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Батафсил:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nQO1GT3BdjU" title="Hashar – yurt obodligi va hamjihatlik ramzi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов ЎзА