Ҳарбий хизматчиларни пенсия билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни ишлаб чиқиш зарурати ҳамда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни миллий қонунчилик асосида тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсияси билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, пенсия тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибини аниқлаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, лойиҳада хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси, боқувчисини йўқотганлик пенсияси, пенсияларни ҳисоблаш, тайинлаш, тўлаш ва қайта ҳисоблаш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, айрим нормаларни аниқлаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан уйғунлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА