Ҳарбий қисмга бириктирилган ёшлар фаолияти ўрганилди
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Ҳар бир вояга етмаган ёшнинг тақдири давлат ҳимоясида!” мавзусида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳарбий қисм командири, ёш ҳарбий хизматчилар, Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати масъул ходимлари ҳамда Чилонзор туманидаги ҳарбий қисмга бириктирилган 80 нафарга яқин ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, миллий армияда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти учун кредит олиш, қўшимча даромад манбаларини яратиш, дастурлаш билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратиш ҳамда пробация назоратига оид масалалар бўйича мурожаатлар билдирилди. Мурожаатларнинг айримларига жойида тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган масалалар белгиланган тартибда назоратга олинди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан Ватан мадҳига бағишланган куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, ёшлар Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди. Якунда фаол иштирок этган ёшлар ҳарбий қисм командирининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА