Гулистон давлат университетида тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда санъат орқали маънавий-эстетик тарбияни кучайтириш мақсадида Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали ташкил этилди.
Фестиваль доирасида талабаларга рангтасвир, графика, дизайн ва бадиий кулолчилик каби жанрлардаги ижодий асарлари орқали ўз сўзини айтиш, дунёқарашини ифода этиш имконияти яратилди.
– Бу каби тадбирлар нафақат санъатни тарғиб қилиш, балки ёшларда бадиий тафаккурни шакллантириш, уларни ижодга ундашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Гулистон давлат университетининг Санъатшунослик факультети декани Аҳмаджон Бобожонов.
[gallery-23018]
Фестиваль доирасида Чирчиқ давлат педагогика университети ва Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар ҳам ташкил этилди. Унда санъат ва таълим соҳасидаги замонавий ёндашувлар, инновацион усуллар ҳамда янги технологиялар ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди ва фикр алмашилди.
– Замонавий санъат таълимида талабаларга фақат назарий билим бериш етарли эмас. Уларда эстетик завқ, композиция ҳисси, ранг туйғуси, ҳунармандчилик асослари каби амалий кўникмаларни шакллантириш талаб этилади. Фестиваль айнан шу мақсадларга хизмат қилди, – дейди Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси, рассом Зулхумор Ҳимматова.
Фестивалда нафақат университетнинг талаба-ёшлари, Сирдарё вилоятидаги ижод мактабларининг иқтидорли ўқувчи ва ўқитувчилари, республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ижодкорлар, санъатшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам фестивалда фаол иштирок этди.
Фестиваль якунида фаол қатнашган талабалар ва меҳмонларга эсдалик совғалари ҳамда дипломлар топширилди. Шунингдек, мазкур фестивални келгусида доимий анъана сифатида ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Гулистон давлат университетида бўлиб ўтган мазкур Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали ижодий муҳит яратиш, ёш авлод қалбида санъатга муҳаббат уйғотиш, миллий қадриятларни тарғиб этиш ва халқаро ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш сари ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди, десак, асло янглишмаймиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири