Халқаро талабалар Ўзбекистоннинг рақамли имкониятлари билан танишди
АҚШда таҳсил олаётган халқаро талабалар гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатнинг жадал ривожланаётган рақамли экотизимига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Ташриф доирасида талабалар Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб, дастлаб IT Park Uzbekistan фаолияти билан танишди. Тақдимотда замонавий инфратузилма, стартапларни қўллаб-қувватлаш тизими, резидентлар учун имтиёзлар ҳамда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, халқаро компаниялар иштироки, экспортбоп IT хизматлар ва ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг меҳмонлар UZINFOCOM фаолияти билан танишди. У ерда давлат ахборот тизимлари, электрон ҳукумат хизматлари ва йирик рақамлаштириш лойиҳалари ҳақида тақдимот ўтказилди.
[gallery-28188]
Ташриф якунида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатда IT таълимни кенгайтириш, стартап экотизимини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Саволлар асосан IT бозори, рақамли таълим, стартаплар учун имкониятлар ва рақамли иқтисодиётга оид масалаларга қаратилди.
Ташриф якунида меҳмонлар Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида янада кенг тасаввурга эга бўлди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА