Халқаро Ер куни — саёрамиз ва табиатни асрашга муҳим чақириқдир
Ер сайёраси қарийб 4,5 миллиард йиллик тарихга эга. Маълумотларга кўра, унинг 29 фоизи қуруқлик, қолган қисми эса денгиз ва океанлардан иборат. Атиги 11 фоиз ер майдони инсоният учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизини етиштириб беради. Бу эса Ернинг, табиат ресурсларининг нақадар муҳим ва бебаҳо эканини кўрсатади.
Инсониятнинг ягон уйи бўлган Ер сайёрасини борлигича асраб-авайлаш, унинг мавжуд имкониятларидан табиатга зарар етказмаган ҳолда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Шу маънода 22 апрель санаси Халқаро Ер куни сифатида нишонланиши сайёрага ғамхўрлик қилишда инсониятни бирлашишга, масъулият билан ёндашишга чақирадиган муҳим экологик сана эканлиги билан аҳамиятлидир.
Халқаро Ер куни илк бор 1970 йилда Америка Қўшма Штатларида ўтказилган. 2009 йилда эса БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида элликдан ортиқ давлатлар томонидан маъқулланган. Бугунги кунда ушбу сана юзлаб давлатларда миллионлаб инсонларни бирлаштирадиган экологик ҳаракатга айланган. Ушбу кун инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлаш қанчалик муҳим эканини яна бир бор эслатади.
Замонавий дунёда экологик таҳдид ва муаммолар тобора жиддий тус олаётгани барчамизга аён. Иқлим ўзгариши, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, ўрмонларнинг кесилиши, ҳайвонот ва ўсимлик турларининг йўқолиб бориши, биохилма-хилликнинг камайиши каби масалалар бутун инсоният келажагига, Ер саёрамизга таҳдид солмоқда. Шу сабабли Халқаро Ер куни нафақат байрам, балки ҳар бир инсонни масъулиятли бўлишга чорловчи, экология, атроф-муҳит ва табиатни борлигича асрашга ундовчи муҳим кундир.
Бу сана муносабати билан турли мамлакатларда дарахт экиш акциялари, ҳашарлар, маърифий тадбирлар ва экологик лойиҳалар ташкил этилади. Бундай ташаббуслар одамларни табиатга нисбатан эҳтиёткор бўлишга, уни асраш ва ҳимоя қилишга ундайди.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон табиатни муҳофаза қилишда ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бунинг учун кундалик турмушимизда дуч келадиганимиз оддийгина чиқиндиларни тўғри ажратиш, белгиланган жойга ташлаш, пластик маҳсулотлардан камроқ фойдаланиш, сув ва электр энергиясини тежаш, умуман, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш кабиларга масъулият билан қарамоғимиз лозим. Шунингдек, дарахт экиш, атрофни тозалаш акцияларида иштирок этиш, экологик маданиятимизни ошириб бориш ва атрофимиздагиларни ҳам шунга ундаш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Бу йўналишда мамлакатимизда ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари қувватини 25 ГВтга етказиш, йилига 64 миллиард кВт соат яшил энергия ишлаб чиқариш ва унинг улушини 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчат ва дарахтлар ерга қадалмоқда. Юртимизнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсади йўлида яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Барқарор яшил келажак, сайёрамизнинг ўз ҳолича сақланиши ҳар бир инсон учун, ҳаёт давомийлиги учун долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун эса ҳар биримиз масъулмиз. Ерни асраш, табиий русурслардан оқилона фойдаланиш, табиатга зарар етказмаслик, келажак авлодлар учун яшил ва хавфсиз муҳит яратиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Халқаро Ер куни эса шу ҳаётий ҳақиқатни англаш ва амалий қадамлар қўйиш учун муҳим чақириқ, элатмадир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА