Гурланда қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун бу ютуқларни аниқ мисолларда кўриш мумкин.
Хоразм вилоятининг Гурлан тумани азалдан деҳқончилик ва боғдорчиликка таяниб келган ҳудуд сифатида кейинги йилларда сезиларли даражада ривожланди.
Замонавий агротехнологиялар, сув тежовчи тизимлар, иссиқхоналар қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Фермерлар энди нафақат ички бозорни, балки экспортни ҳам йўлга қўйган.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки беш ойида Гурлан туманидан хорижга 17,8 миллион АҚШ долларилик товар ва хизматлар экспорт қилинди. Бу вилоят умумий экспортининг 11,6 фоиз улушини ташкил этади. туманда экспорт ҳажми ўтган йилнинг даврига нисбатан 53 га кўпайди. Экспортнинг асосий қисми эса қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
– Туманда жорий йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари асосий майдонлари 24 минг 425 гектарни ташкил қилмоқда,– дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Расул Маткаримов. – Шундан, 9 минг 800 гектарни пахта, 3 минг 800 гектарни ғалла, 955 гектарни сабзавотлар, 728 гектарни картошка, 695 гектарни полиз экинлари , 3 минг гектарни шоли ва 333 гектар ер майдонини бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари эгаллайди. Бундан ташқари, 1 минг 271 гектар ер майдонида боғлар, 141 гектар ер майдонида токзорлар ташкил қилинган.
[gallery-25271]
Туман аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ўрганилганда бир йил давомида 5 минг 928 тонна гўшт, 6 минг 722 тонна картошка, 2 минг 572 тонна гуруч, 12 минг 450 тонна мева, 1 минг 560 тонна узум, 2 минг 358 тонна пиёз, 2 минг 416 тонна сабзи ва 12 минг 152 тонна бошқа сабзавот маҳсулотларига талаб мавжудлиги аниқланган.
– Аҳолининг арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, фермер хўжалигимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ғалла ва бошқа экинлардан бўшаган ер майдонларига такрорий экинлар экканмиз, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, “Гулиммат Қаҳрамон” фермер хўжалиги раҳбари Гулиммат Ҳайтимматов. – Ушбу майдонларга асосан озуқа экинлари, сабзавот, картошка ҳамда шоли экканмиз. Такрорий экинлар қисқа муддатда ҳосил бериши, ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш имконини яратиши билан аҳамиятли. Бу эса нафақат ички бозордаги маҳсулот таъминотини яхшилайди, балки фермерлар даромадини ҳам оширади.
Бугун бу ҳудудда яратилаётган иш ўринлари, ўсаётган экспорт салоҳияти ва замонавий агротехнологиялар кейинги йилларда қўлга киритилган энг катта ютуқлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Туманда қишлоқ хўжалик экинларининг зараркунанда организмларига қарши курашишнинг замонавий тизими жорий қилинган. Соҳани инновацион ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасалари ва илмий- тадқиқот институтлари таниқли олим ва мутахассислари билан қишлоқ хўжалигининг мелиорация, уруғчилик, пахтачилик, ўсимликлар ҳимояси соҳалари бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.
Бундан ташқари, ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш юзасидан туманда жами 1 минг 729 нафар ёшга 370 гектар экин ер майдонлари ажратиб берилиши таъминланди.
Бунинг натижасида ажратиб берилган майдонларда қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилиб, кам таъминланган аҳоли қатламининг даромади ошишига замин яратилади. Натижада мазкур хонадонларда ўртача даромад 45-50 млн сўмни ташкил қилади.
Мазкур соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали ҳудудда энергия тақчиллиги қопланиши таъминланишига қаратилган чора-тадбирлар ҳам олиб борилаётир. Тумандаги 217 та фермер хўжалигининг қарийб 80 фоиз майдонларини суғоришда фотоэлектростанцияларидан фойдаланмоқда. Бугунги кунда ўрнатилган қуёш панеллари туман бўйича 9 минг КВт электр энергияси ишлаб чиқармоқда.
Умуман, Гурлан туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестициялар натижасида туманнинг иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ва экспорт салоҳияти барқарор ўсмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА