
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят аҳолисига сифатли жамоат транспорти хизматларини йўлга қўйиш, жамоат транспорти паркини янгилаш ва йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Транс Имкон Сервис” МЧЖ томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий 12 дона “Zhong Tong” русумли автобуслар келтирилди.
Ушбу автобуслар шаҳар транспортига барқарорлик ва қулайлик олиб келиши кутилмоқда. Автобуснинг умумий йўловчи сиғими 63 нафар бўлиб, ўриндиқлар сони 28 тани ташкил этади. Автобус паст полли, ногиронлиги бор йўловчилар учун пандуслар билан жиҳозланган. Шунингдек, ҳар бир автобусда 8 дона кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.



Автобуслар қишда иссиқ ва ёзда салқин об-ҳаво тизими билан жиҳозланган. Бу транспорт воситалари нафақат ёқимли ва хавфсиз саёҳатларни таъминлаш, балки жамоат транспорти тизимини ривожлантириш ва аҳолининг кундалик ҳаракатини осонлаштиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири