Грим маҳсулотлари сабаб давлатга жуда катта миқдорда зарар етказилган
Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт - шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт - шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Видеоселектор тарзида ўтказилаётган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашди.
Йиғилишда Бош прокурор Н.Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Бир қатор соҳалардаги коррупция ҳолатлари тилга олингач, Ниғматилла Йўлдошев, маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, халқ таълими, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш тизими ҳам коррупциядан холи эмаслиги қайд этди.
Масалан, Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишган.
Муқаддам ўғирлик ва талон - торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. Бюджетни ўмаришда қулай имкониятни қўлга киритган И. дастлаб ишни танишлари Ё. ва К билан жиноий режа тузишдан бошлайди.
Режага кўра, И. вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олади.
Шундан сўнг, вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли бўлган фирмаларга 2,6 млрд. сўм ўтказиб берилади.
Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига “Ўрикзор” бозоридан 264 млн. сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уни грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширади.
Вазирлик эса, маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.
Схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 млрд. сўм маблағ талон - торож қилинган.
Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон - тарож қилган.
Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон - торож қилинган.
Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган.
Ҳозирда бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда.
Вазирлик ва идораларда коррупцияга имкон бераётган айрим сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилганда, айрим соҳаларда ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётганлиги, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаётганлиги таъкидланди.
Барча соҳаларда қонунлар ижросини бевосита таъминлашга масъул бошқарув идоралари, ижро устидан назоратга масъул 50 дан ортиқ назорат - текширув органлари мавжуд.
Музокараларда назорат органларининг қонунийликка таъсири сезилмаётганлиги танқид қилинди.
Йиғилиш давом этаяпти.