Ғова – тоғлар бағридаги қадимий қишлоқ
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятидаги Ғова қишлоғи Чуст туманининг шимолий қисмида, қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда, тоғ оралиғида жойлашган. Қишлоқ Чустнинг энг қадимий ва навқирон қишлоқларидан бири.
Ғова қишлоғи азалдан шифобахш ҳавоси билан шуҳрат қозонган. Тоғлар билан ўралгани учун қишлоқнинг номи “ғов”, “ғовак” сўзидан келиб чиққани ҳақида ривоятлар мавжуд.
Қадимги вақтларда Чуст атрофидаги барча ерларга обиҳаёт олиб келиш учун ғовасой биргина манбаа бўлгани, қишлоқнинг шуҳратли бўлганидан англатади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Ғовада бир муддат бўлганини ёзади.
Ғова қишлоғи яқинидаги адирли ерларда тошдан ясалган гумбаз мозор муғхоналарни очиб, текширув ишлари олиб борилганида эрамизнинг III ва IV асрларига доир шундай муғхоналарнинг бирида бир тутам пахта ипи ва чигит қолдиғининг топилиши қишлоқ қадимийлигини билдиради.
Бу ерда аҳоли асосан деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Қишлоқ картошка етиштиришга ихтисослашган бўлиб, Ғовада картошка экмайдиган хонадонни топиш амримаҳол. Бу экин шунчалик кўп экилганидан мавсумда қишлоқ ҳудудида картошкани улгуржи сотувчи алоҳида бозор ташкил қилинади. Деҳқонларнинг айтишича, баъзида бу бозордан кунига 500 тоннагача картошка бошқа ҳудудларга сотилар экан.
Бугунги кунда Ғованинг мавжуд бешта маҳалласида 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Қишлоқ ҳудудининг катта қисми тоғ билан туташиб кетгани, қишлоқ ўртасидан сой оқиб ўтгани ва аҳоли томонидан кўплаб дарахтлар экилгани ҳудуднинг салқин ҳавосини таъминлайди. Шу боис, ёзнинг иссиқ кунларида Андижон, Фарғона ҳамда Наманганнинг бошқа туманларидан сайёҳлар Ғовага дам олиш учун келади.
Ғова қишлоғидаги ҳар бир лаҳза табиат гўзаллиги ва ҳаёт уйғунлигини яққол ифода этади. Туризм салоҳиятига эга бўлган ҳудуд сўнгги йилларда сайёҳлар ва табиатсеварлар эътиборини янада кўпроқ тортмоқда.
Ғованинг ана шундай гўзал ва бетакрор манзараларини қуйидаги фотолавҳалар орқали кўришингиз мумкин:
[gallery-29850]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА