Гўшт ва сутнинг кўпайиши боқиш маданиятига ҳам боғлиқ
Яйловсиз чорвачиликда гўшт ва сут маҳсулдорлиги нафақат озуқа сифатига, балки чорвани парваришлаш шароити, замонавий техник воситалар билан жиҳозланганлик ва соҳадаги бошқарув маданиятига ҳам бевосита боғлиқ. Буни яхши англаган чорвадорлар халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бироқ яқин вақтга қадар бундай замонавий чорвачилик жиҳозлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилмас эди. Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги тадбиркор Жаҳонгир Жалолов мазкур йўналишда илк ташаббусни бошлаб, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
– Мақсадимиз чорвачилик жиҳозларининг камида 50-60 фоизини шу ерда ишлаб чиқариш, – дейди “Agro villa” МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Жалолов. – Лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлиб, унинг 600 минг доллари ўзлаштирилди. Ҳозир 1 гектар майдонда чорвачилик учун металл буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бунёд этилмоқда. Айни чоғда қурилиш билан бирга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам бошлаб юборилган.
Чорвахоналарда сигирларнинг жойини ажратиш учун қўлланиладиган, халқ тилида “дуга” деб аталувчи жиҳозлар ҳам корхонада ишлаб чиқарилиб, экспорт қилинмоқда.

– 2025-2026 йиллари 500 минг долларликдан маҳсулот экспорт қилинди. Шу кунларда Россиянинг Татаристонидаги 15 минг сигирга мўлжалланган лойиҳа асосида иш олиб борилмоқда.

“Agro villa” МЧЖда ускуналар ишлаб чиқариш учун Туркия ва Хитойдан олиб келинган дастгоҳлар тўхтовсиз ишлаб турибди. Улар билан бир йилда 3600 дона чорва жиҳозлари ишлаб чиқариш мумкин. Тадбиркорнинг келгуси режалари ҳам катта.
– Сигирларни соғишга мўлжалланган кўчма аппаратлар – 1, 2, 4 ва 20 та сигирни баравар соғадиган жиҳозларни ишлаб чиқариш режамиз бор. Келажакда катта чорвадор фермерлар учун зарур бўлган барча техник жиҳозларни шу ерда ишлаб чиқармоқчимиз, – дейди корхона раҳбари.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/kHuHBRGdpK4" title="Go‘sht va sutning ko‘payishi boqish madaniyatiga ham bog‘liq" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА