Ғолиб ўқувчи ҳар ой стипендия олади
Бухоро вилояти Қоракўл туманида таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларда фанларни ўқитишнинг даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш ҳамда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида фан блоклари – математика, физика ва она тили фанларидан “Туман ҳокими стипендияси” учун танлов ташкил этилди.
Тумандаги 15-сонли информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида мазкур танловга старт берилди. Танлов тумандаги умумтаълим мактаб директорларининг тавсияномаси асосида 413 нафар 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилди.

Тадбирда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров танловда қатнашаётган ёшларни табриклади. Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари ёшларнинг қобилият ва имкониятини юзага чиқариш, Президентимиз яратиб бераётган имкониятдан фойдаланиб ёшларнинг таълим олиши учун янгидан-янги қулайликлар яратилиши Қоракўлда ҳам ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари ўртасида аниқ натижа ва сермаҳсул рағбатлантиришга асосланган рақобат муҳитига асос солинаётганлигини таъкидлади. Туманда таълимни қўллаб-қувватлаш, фақат ёшларнинг қобилияти ҳамда илмга интилишини молиялаштиришни ўз ичига олган кўп босқичли “ижтимоий лифт” тизими ишга туширилганини қайд этди.
Шундан сўнг беллашувларга старт берилди. Барча саволномалар ва жавоб варақалари кўп йиллик тажрибага эга ўқитувчилардан иборат ҳайъат аъзолари ва ўқувчилар гувоҳлигида очилиб, ўқувчиларга тарқатилди.
Маълумот учун, танлов натижаларига кўра 1-ўринни қўлга киритган ғолиб ўқувчи “Туман ҳокими стипендияси” (2022 йилнинг 1 ноябридан 2023 йилнинг август ойига қадар ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдори — 300 минг сўм миқдорида тўлаб берилади)га тавсия этилади.
Зариф Комилов, ЎзА