Глобал трансформация шароитида Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлигини ривожлантириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Саудия Арабистони Подшоҳлиги Кўрфаз тадқиқот маркази билан ҳамкорликда икки минтақанинг етакчи тадқиқот институтлари, дипломатик миссиялари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирган "Марказий Осиё + Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" (КАДҲК) форматидаги иккинчи таҳлилий марказлари форумини ўтказди.
Форум очилишида сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов, Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари қисқа вақт ичида шаклланиш босқичини босиб ўтганини ва бугунги кунда барқарор тизимли шериклик даражасига кўтарилаётганини таъкидлади. 2023-йилда ишга туширилган "МО +КАДҲК" формати аста-секин мулоқот майдонидан келишилган ёндашувлар ва амалий ечимларни ишлаб чиқиш учун стратегик платформага айланмоқда.
Э.Арипов бу кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёнинг очиқлигини мустаҳкамлаш, ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва минтақалараро ҳамкорликнинг барқарор тизимини шакллантиришга қаратилган изчил ташқи сиёсати туфайли амалга ошганини таъкидлади.
Чиқиш давомида жорий халқаро вазиятга, жумладан, Яқин Шарқ ва Эрон атрофидаги воқеалар ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда нафақат Кўрфаз мамлакатлари, балки Марказий Осиё давлатлари ҳам дуч келаётган муаммолар таҳлил қилинди.
Э.Ариповнинг нутқида транспорт-коммуникация алоқалари мавзуси алоҳида ўрин эгаллади. Денгиз коммуникацияларига чиқиш имкониятига эга бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари учун барқарор ва башорат қилинадиган логистика йўлларидан фойдаланиш иқтисодий хавфсизликнинг асосий омилларидан бирига айланаётгани таъкидланди. Анъанавий транзит йўналишлари фаолиятидаги ҳар қандай ўзгаришлар муқaррар равишда ташиш нархлари, етказиб бериш муддатлари ва миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигига таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан транспорт йўлакларининг диверсификацияланган тизимини шакллантириш ташқи зарбаларга нисбатан заифликни камайтириш ва ташқи иқтисодий алоқалар барқарорлигини таъминлаш имконини берувчи стратегик вазифа сифатида қаралмоқда. Муқобил йўналишларнинг бундай ривожланиши ва ҳудудлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг кучайиши янги геоиқтисодий воқеликнинг муҳим қисмига айланмоқда.
Мавжуд вазиятнинг иқтисодий жиҳатларига ҳам катта эътибор қаратилди. СМТИ директори глобал миқёсда давом этаётган беқарорлик энергетика бозорлари динамикаси, инфляция жараёнлари ва умумий иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. "Марказий Осиё мамлакатларининг сақланиб қолаётган макроиқтисодий барқарорлигига қарамай, ташқи омиллар ички бозорларга босим ўтказишда давом этмоқда, бу эса қўшимча мослашиш механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилади," - деди ўзбекистонлик эксперт.
Э.Арипов ўз чиқишида алоҳида таъкидлаган асосий хулосалардан бири шундан иборат бўлдики, бугунги кунда рўй бераётган глобал жараёнлар жаҳон тизимининг чуқур трансформациясини акс эттирмоқда. Ушбу жараёнлар доирасида давлатларнинг мослашувчанлиги, диверсификация қилиш қобилияти ҳамда юқори даражадаги ноаниқлик шароитларига тез мослаша олиш салоҳияти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро муҳитнинг мураккаблашуви минтақаларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиради ва шу билан бирга барқарор ҳамкорликнинг аҳамиятини оширади. Бундай шароитда Марказий Осиё турли иқтисодий ва геосиёсий жараёнларнинг кесишиш марказида бўлиб қолмоқда, бу эса узоқ муддатли барқарорликка йўналтирилган мувозанатли ва прагматик сиёсатни амалга оширишни талаб этади.
"Гап ташқи турбулентлик шароитида самарали фаолият юрита оладиган иқтисодий ва транспорт алоқаларининг янада мослашувчан ва диверсификацияланган тизимини шакллантириш ҳақида бормоқда," - дея изоҳ берди СМТИ директори.
Замонавий шароитда давлатларнинг стратегик автономиясини мустаҳкамлашга ўзаро ҳамкорликни чеклаш орқали эмас, балки шерикликни кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва ички барқарорликни ошириш орқали эришилиши алоҳида таъкидланди.
Шу муносабат билан Э.Арипов Марказий Осиёнинг Кўрфаз мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ижобий динамикаси барқарор эканини таъкидлади. Келтирилган маълумотларга кўра, КАДҲК мамлакатларининг минтақа иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ҳажми 20 миллиард доллардан ошди, ўзаро савдо ҳажми эса қарийб 5 миллиард долларга етди.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш учун узоқ муддатли мувофиқлаштириш механизмларини шакллантириш ва келишилган ечимларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро ҳамкорликнинг янада институционаллашган моделига ўтиш зарурлиги қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро алоқаларни тизимли ривожлантиришга замин яратиши мумкин бўлган Дўстлик, ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги кўп томонлама битимни ишлаб чиқиш ташаббуси алоҳида қайд этилди.
Э.Арипов, шунингдек, товар айирбошлашни кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдо сифатини оширишга қаратилган барқарор иқтисодий архитектурани шакллантиришга устувор эътибор қаратишни таклиф қилди. Шу билан бирга, анъанавий тармоқлар доирасидан чиқиб, саноат, инфратузилма, агросаноат мажмуаси ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестициявий ҳамкорликни диверсификация қилиш зарурлигига урғу берилди.
СМТИ директори таҳлилий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. "Экспертлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар тайёрлаш ва баҳоларни мунтазам алмашиш - келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ишончни мустаҳкамлашнинг зарур шартидир," - дея хулоса қилди Э.Арипов.
Умуман олганда, "МО+КАДҲК" таҳлилий марказларининг иккинчи форуми ўтказилиши Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан чуқурлашиш босқичига чиқаётганини кўрсатди. Глобал ўзгаришлар фонида нафақат ташқи ўзгаришларга мослашиш, балки узоқ муддатли ривожланиш кун тартибини биргаликда шакллантиришга қаратилган барқарор ҳамкорлик платформаси шаклланмоқда.