Гиёҳвандлик: келажакни асраш йўлидаги муҳим вазифа
Гиёҳвандлик инсоният тараққиётига жиддий хавф солувчи, оилалар тинчлиги ва жамият барқарорлигига рахна солувчи, шу билан бирга инсон тақдири, балки бутун авлод келажагига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифаси саналади.
Бухоро вилоятида ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик самарасида бир қатор жиноий ҳолатларга чек қўйилмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги натижасида гиёҳвандлик воситаларини сақлаш, етиштириш ва тарқатиш билан боғлиқ қонунбузарликлар фош этилди.

Жумладан, Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида кузатув остига олинган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув жараёнида хонадоннинг ёрдамчи хўжалик қисмида “гидропоника” усулда парваришланаётган 3 туп каннабис ўсимлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Шунингдек, манзилдан 5,5 грамм марихуана, 80 дона “Изониазид” дори воситаси ҳамда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш учун мўлжалланган махсус анжомлар топилди.
Яна бир ҳолатда Ғиждувон туманида ўтказилган тезкор тадбирда шубҳали фуқаронинг хонадони текширилди. Натижада қўшимча хўжалик хонасидан 30,9 грамм марихуана аниқланиб, белгиланган тартибда мусодара қилинди.

Когон шаҳри ҳудудида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда эса гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланаётган шахс 2 миллион 400 минг сўм эвазига 5,5 грамм “гашиш” моддасини сотиш вақтида қўлга олинди. Давом эттирилган тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу шахс ва унинг шерикларидан жами 141 грамм “гашиш”, шунингдек, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида ўтказилган яна бир тадбирда кузатув остидаги шахс бошқарувидаги транспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомобиль салонидан 7,65 грамм “опий” моддаси топилди. Тадбир давомида тезкор комбинация асосида Ғиждувон туманида ушбу моддани қабул қилиб олаётган фуқаро ҳам ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳар бир ҳолат атрофлича ва холисона тергов қилинмоқда. Айбдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш мақсадида зарур процессуал ҳаракатлар изчил давом этмоқда.

Албатта, гиёҳвандликка қарши курашишда тезкор тадбирлар билан бир қаторда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.