Германия Россияни энг катта таҳдид сифатида кўрмоқда (+видео)
Германия Қуролли кучлари ўз тарихида биринчи марта расмий ҳарбий стратегияга эга бўлди. Унда Россия Федерацияси Европа хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида кўрсатилган. Шунингдек, Бундесверни Европадаги энг кучли армияга айлантириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди DW нашри.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус 22 апрель куни Берлинда мамлакат мудофаасининг кенг қамровли концепциясини тақдим этди. Ҳужжат ҳарбий стратегия ва қуролли кучларни ривожлантириш режасини ўз ичига олади. Лекин, бу ҳужжатларнинг тўлиқ мазмуни махфий сақланмоқда.
Писториус Россия президенти Владимир Путин бошчилигидаги давлатдан келаётган таҳдид ҳақида огоҳлантирди. Унинг айтишича, Россия қайта қуролланиш орқали НАТО билан ҳарбий тўқнашувга тайёрланмоқда ва куч ишлатишни ўз манфаатларини амалга оширишнинг қонуний воситаси деб ҳисобламоқда.
Янги концепцияга кўра, камида 460 минг немис ҳарбийлари ва иттифоқчилар Россия томонидан эҳтимолий ҳужумга қарши тура олиши керак бўлади.
Янги стратегиянинг асосий қисми Россия таҳдидига қарши курашга бағишланган. Ҳужжатда айтилишича, Москва НАТО давлатларига қарши ҳарбий ҳужум учун шароит яратмоқда ва жумладан, Германияга қарши ҳам ҳаракатлар олиб бормоқда.
Россия Ғарбни душман деб ҳисоблайди, НАТО бирлигини бузишга, АҚШни Европадан узишга ва ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилмоқда, дейди Писториус.
Унинг таъкидлашича, жосуслик, бузғунчилик, киберҳужумлар ва ахборот уруши доимий таҳдидга айланган.
Германия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, мақсад Бундесверни яъни Германия Қуролли кучларини Европадаги энг кучли анъанавий армияга айлантириш. Бу кўзланган режа бўйича қисқа муддатда армиянинг мудофаа қобилияти оширилади, ўрта муддатда имкониятлар сезиларли даражада кенгайтирилади, узоқ муддатда эса технологик устунликка эришилади.Келажакда ахборот устунлиги, сунъий интеллект варақамли тизимлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Космос ва кибер майдонда ҳам кучли имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yY406B6T25w" title="Germaniya Rossiyani eng katta tahdid sifatida ko‘rmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар исматов, ЎзА