Германия кибер таҳдидларга қарши Исроил тажрибасидан фойдаланмоқчи
ГФР мамлакатни кибер ҳужумлар ва турли қўпорувчилик ҳаракатлари билан боғлиқ таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида Исроил билан янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга қарор қилди.
Хорижий нашрлар ёзишича, Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт ўлкада қўпорувчилик уринишлари ва жосуслик мақсадида дронлардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани ортидан муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилишга қаратилган янги тизимни жорий этишни таклиф қилган.
Режага кўра, қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олиш «қалқони» маълум маънода «кибер гумбаз» вазифасини бажаради. Мазкур ҳимоя тизими айниқса, киберҳужумларни дастлабки босқичда аниқлаш ва уларни фаол равишда тўхтатиш учун мўлжалланган рақамли сенсорлар тармоғидан ташкил топади.
Тизим муҳим инфратузилмалардаги рақамли жараёнларни доимий равишда кузатиб боради ва эҳтимолий хавфларни олдинроқ аниқлашга хизмат қилади. Берлин Исроил билан ҳамкорликда режалаштираётган янги тизим сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайди.
Реал вақт режимида таҳлил ўтказадиган тизим хавф пайдо бўлган тақдирда масъул ходимларга огоҳлантириш юборади. Шунингдек, мамлакатда миллий “кибер ҳимоя қалқони” доирасида темир йўл вокзаллари каби муҳим объектларда сунъий интеллектга асосланган технологиялар ҳамда биометрик юзни таниш тизимларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Нодира Кайимова,
ЎзА