“GEOMIN-2026”: сунъий интеллект, критик минераллар ва халқаро ҳамкорлик
Бугун Тошкент шаҳрида “GEOMIN-2026” халқаро конференциясининг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги кўмагида ва Халқаро геофизиклар жамияти (Society of Exploration Geophysicists - SEG) томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда 26 мамлакатдан 70 дан ортиқ ташкилот вакиллари иштирок этди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ҳамда Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) президенти Рокки Детомо очиб берди. Улар қайд этганидек, бу каби халқаро анжуманлар геология ва геофизика соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, замонавий технология ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон ҳисобланади.
“Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология-қидирув ишларини ривожлантириш” мавзусига бағишланган мазкур тадбир доирасида фойдали қазилмаларни излаш ва қидиришда янги ёндашувлар, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова қайд этганидек, бугунги кунда минерал саноати дунё иқтисодиёти учун жуда муҳим даврни бошдан кечирмоқда. Тоза энергияга ўтиш, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва сунъий интеллектнинг кенг қўлланилиши минерал ресурсларга бўлган талабни сезиларли даражада оширяпти.
– Шу билан бирга, сиёсий рисклар, савдо чекловлари, таъминот занжирларидаги узилишлар, иқлим ўзгариши ва логистикадаги кечикишлар хомашё ресурсларига ишончли киришни жаҳон иқтисодиётининг устувор вазифаларидан бирига айлантирмоқда.
Марказий Осиё катта минерал ресурслар базаси, қулай географик жойлашуви ва салоҳиятли мутахассислари билан муҳим минтақа ҳисобланади. Энди инвестициялар учун оддий рақобатдан янги босқичга ўтиб, умумий қиймат занжирларини шакллантириш, қидирув ишларини ҳамкорликда олиб бориш, технологик тажриба алмашиш ва умумий инфратузилмадан самарали фойдаланиш вақти келди.
Дунёда муҳим минералларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда минтақанинг стратегик аҳамияти ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон эса географик жойлашуви ва бой минерал ресурслари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Биз энг яхши амалиётларни ўзаро алмашиш, геологик билим ва маълумотлардан биргаликда фойдаланиш, шунингдек, умумий инфратузилмани ривожлантириш асносида минерал ресурсларнинг ишончли ва барқарор манбасини шакллантиришга ҳисса қўшишимиз мумкин. Бунинг учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестициялар учун қулай муҳитни янада ривожлантириш муҳим.
Ўзбекистон ана шу жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлишга тайёр. Бугун биз учун нафақат ўз минерал ресурсларимизни самарали ўзлаштириш, балки халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб қилиш ва минтақавий қиймат занжирларини шакллантириш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, – деди Ф. Ҳамидова.
Конференциянинг асосий мавзусидан келиб чиқиб, тадбирда критик ва стратегик минераллар, геология-қидирув ишларида сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланиш, замонавий геофизик тадқиқотлар ва геологик моделлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, истиқболли минерал ресурсларни ўзлаштириш, инвестицияларни жалб этиш, соҳани рақамлаштириш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ҳамда ESG тамойилларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мутахассислар фикрига кўра, “GEOMIN-2026” халқаро конференциясининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатда геология ва тоғ-кон саноатида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ер қаъридан фойдаланишни тартибга солиш тизими такомиллаштирилиб, бозор механизмлари ва инвестицияларни жалб этишнинг замонавий ёндашувлари жорий қилинмоқда, геологик маълумотлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари рақамлаштирилмоқда.
Конференция доирасида технологиялар кўргазмаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда турли мамлакатлардан технология мутахассислари иштирок этмоқда. Мазкур кўргазма ва конференция доирасидаги мулоқотлар мамлакатлар ва минтақалар ўртасида тажриба алмашиш, янги технологик ечимларни ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун муҳим имконият яратмоқда. Миср Минерал ресурслар ва кончилик саноати бошқармаси вакили Асер Абделазизнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг критик минераллар соҳасида сўнгги йилларда тўплаган тажрибаси халқаро ҳамкорлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– “GEOMIN”нинг ушбу тадбири Ўзбекистонда ўтказилаётганидан хабар топганимиздан буён Марказий Осиё минтақаси билан яқинроқ танишиш имконига эга бўлдим. Бу ерда, айниқса, муҳим минераллар соҳасида амалга оширилаётган ишлар менда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистонда сўнгги икки йилда муҳим минералларни ривожлантириш бўйича режа ва стратегия асосида изчил ишлар олиб борилмоқда. Унда, хусусан, молибден ва вольфрам каби минералларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мисрда бундай минералларнинг етарли захиралари мавжуд эмас. Шу боис Ўзбекистоннинг муҳим минералларни ўрганиш ва улардан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаси биз учун жуда қимматли, – деди у.
Конференциянинг амалий дастури доирасида иштирокчилар учун Қалмоққир мис конига техник ташриф ҳам кўзда тутилган. Унда меҳмонлар коннинг геологик тузилиши, геология-қидирув ишларида қўлланилаётган замонавий ёндашувлар ҳамда кончилик жараёнлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА