Геология музейида қандай ноёб экспонатлар сақланмоқда?
Мамлакатимизда 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шу муносабат билан “Геология музейи” давлат муассасасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳамда очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар музейнинг янги биноси, замонавий экспозициялари ва ноёб экспонатлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, музей тарихи, унинг илмий-маърифий аҳамияти ҳамда геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Музей ахборот хизмати раҳбари Санжар Қодировнинг таъкидлашича, Давлат геология музейи юртимизнинг бой табиий мероси ва геология соҳасидаги ютуқларни ўзида мужассам этган муҳим илмий-маърифий маскан ҳисобланади.

– Музейимиз тарихи 1926 йилдан бошланади. Дастлаб у бир хонани эгаллаган бўлса, кейинчалик геологлар томонидан турли ҳудудлардан олиб келинган минераллар, тоғ жинслари ва ноёб топилмалар ҳисобига музей фонди кенгайиб борди. Бугунги кунда музей хазинасида 50 мингга яқин экспонат сақланмоқда. Улар минераллар, тоғ жинслари, шлифлар, палеонтологик топилмалар, ер ости ва ер усти бойликлари ҳамда турли геологик коллекциялардан иборат. Музейнинг уч қаватли кўргазма залларида Ўзбекистон ҳудудидаги мавжуд конлардан олинган эталон намуналар, ноёб маъданлар ва турли минераллар намойиш этилган. Шунингдек, томошабинлар ернинг пайдо бўлиши, Қуёш тизими, вулқонлар, зилзилалар, қадимги ҳайвонот дунёси ва палеонтологияга оид қизиқарли маълумотлар билан ҳам танишиш имкониятига эга, – деди Санжар Қодиров.

Мутасаддилар қайд этганидек, музей нафақат экспонатларни сақлаш, балки уларни ўрганиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун ҳам муҳим марказ ҳисобланади. Бу ерда геолог олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари учун турли амалий машғулотлар ва экскурсиялар ташкил этилади.Шу билан бирга, музей ёшларда геология соҳасига қизиқиш уйғотиш мақсадида “Ёш геолог” олимпиадаларини ҳам мунтазам ўтказиб келмоқда.
Бугунги кунда ушбу маскан нафақат юртимиз фуқаролари, балки хорижлик меҳмонлар учун ҳам Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ва геология соҳасидаги салоҳиятини намоён этувчи муҳим масканлардан бирига айланган.
Тадбирда таъкидланишича, Геология музейи халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам кенг йўлга қўйган. Жумладан, Шанхай фан ва технология музейи, Хитой геология музейи, Япониянинг Сукуба университети ҳамда Словакиянинг Павел Йозеф Шафарик номидаги университети билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар музей экспозициялари билан атрофлича танишиб, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, тоғ маъданлари, минераллар ҳамда мамлакатимиз конларига оид ноёб коллекциялар ҳақида батафсил маълумот олди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА