Гектаридан 60 центнер оддий ҳолга айланди
Биров бу йил Фарғона вилояти учун пахта йили бўлди, дейди. Шундайдир. Аммо деҳқончилик илмга асослангани иқлимнинг сийлаганидан кам бўлмаган натижа берди аслида. Бугун 24 сентябрь. Бағдод туманидаги Солижон Аҳмедов номидаги фермер хўжалиги ерлари кечагина ҳар гектаридан 62 центнердан пахта ҳосили берган эди. Бугун эса у ғўзапоядан тозаланиб, майдонлар текисланди. Эндичи? – Худо хоҳласа эртага, 25 сентябрдан бошлаб донни экамиз, – дейди “Солижон Аҳмедов” фермер хўжалиги раҳбари Исмоилжон Аҳмедов. –Ҳар гектарига 300 килограммдан аммафост сепамиз, 200 килодан уруғ экамиз.
Вақтли экилгани учун, биринчидан, уруғдан ютамиз, иккинчидан, ҳосилдорлик юқори бўлади. Келаси йил 100 центнердан буғдой оламиз. Энди дўппини олиб қўйиб мулоҳаза қилинг: қачон 24 сентябрда гектаридан 62 центнердан пахта ҳосили териб олгач ерни корчовка қилиб, текислаб, 25 сентябрда ерга дон уруғи сочилган? Қачон бир гектаридан ўртача 60 центнердан ошириб ҳосил олинган?

Ўзбекистон Президенти 2024 йилдаги Фарғона вилоятига ташрифи чоғида келгуси йили вилоятда хитой услубида пахта етиштиришни жорий қиламиз, деган эдилар. Президент топшириғи адо этилди. Вилоятнинг барча туманларидаги 40-50 фоиз пахта майдонига Хитойдан келтирилган уруғлик экилди. Қўшқатор услуби жорий қилинди. Плёнка остига томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, инновация, илм кириб келди.
Мана натижа. – Хитойдан келтирилган навни 76 схемада қўшқатор қилиб эккан эдик. Ҳар гектаридан 60 центнердан ошириб пахта беряпти,– дейди фермер Исмоилжон Аҳмедов. –Мен 20 йилдан буён пахтанинг ичидаман. Лекин бирон марта бундай пахта ҳосилини кўрмаганман. Шундай навларни бизга келтириб бергани учун Президентимиздан миннатдормиз. Тан олиш лозимки, янгиликка интилиш керак экан. Илгари қўлда терганимизда қийналар эдик. Терим машинаси жонимизга оро киритди. Сифатли теради, тоза теради.

Хитой терим машиналаридан ҳозир ҳар бир туманда 15-20 тадан бор. Улар бир кунда пахта майдонларида 50 тоннага етказиб пахта теряпти. Бошқариш қулай. Кабинада барча иш рақамлаштирилган. Ҳарорат ҳам ҳайдовчи истагига қараб совитилади. – Мен бу комбайнда биринчи марта ишлаяпман. Комбайнни бошқариш осон, пахтани тоза теради, кунига 50 тоннага етказиш мумкин. Мен учун бу комбайн маъқул, – дейди механизатор Баҳромжон Тошболтаев. Пахта ва дончилик фермер хўжаликлари даромади йил сайин ошиб бораяпти. Энди шундай бўлдики, айрим фермерлар, масалан, Бағдод туманида улар сони 20 та, на банкдан кредит олмай, на таъминотчига қарздор бўлмай пахтани ўзининг маблағига етиштирмоқда. Исмоилжон Аҳмедов бош фермер хўжалиги уларнинг бири. – Эски фермерларданмиз. 65 гектарга пахта эккандик. Аввалги йиллардаги даромадимиз, ака-укалар ва оиладаги маблағларимизни қўшиб пахтани ўзимиз етиштирдик. Мана кутилганидан ҳам яхшироқ натижага
эришдик. Президентимиз қарорлари билан пахтани ўз ҳисобидан етиштирган фермерларга унинг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ берилади. Бу эса 1 килограмм пахта 10-11 минг сўмга тўғри келади деганидир. Бу шароитдан фойдаланиб пахта толасини сотамиз, чигитини қайта ишлашга берамиз.

Олинган пахта ёғи, кунжара ва шелухани аъзоларимиз билан бўлиб оламиз. Энди, Исмоилжон айтганидек, заводда пахта толасини чигитидан ажратишгач, толани биржада алоҳида сотадилар. Ўз ихтиёрига кўра, ўзи истаган нархда ўзи сотади. Чигитни ҳам қайта ишлатиб ундан чиққан маҳсулотларни ўзи тасарруф қилади. Бу фермерга берилган қонуний ҳақ-ҳуқуқ ва Исмоилжон ундан фойдаланяпти.
Энди айтинг, Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги “Солижон Аҳмедов” фермер хўжалигидаги бугуннинг воқелиги қачон бўлган?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WDt-w2bHZsQ" title="Gektaridan 60 sentner – bu oddiy xolga aylandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА