GameDev индустрияси: Ўзбекистонни минтақавий марказга айлантириш сари дадил қадамлар ташланмоқда
Жаҳон ўйин индустрияси жадал трансформация босқичига кирган бир пайтда Ўзбекистон ҳам GameDev ва локализация йўналишида янги ўсиш нуқтаси сифатида шаклланмоқда. Мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бу соҳанинг тез суръатларда ўсишига замин яратмоқда.
Бугунги кунда юртимизда 70 дан ортиқ GameDev компания фаолият юритмоқда. Уларда 750 дан зиёд малакали мутахассис меҳнат қилмоқда. 2025 йил якунларига кўра, соҳа экспорти 82,3 миллион доллардан ошиб, Ўзбекистоннинг халқаро рақамли хизматлар бозоридаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатда шаклланаётган ёш ва мослашувчан экотизим қисқа вақт ичида рақобатбардош ўйин маҳсулотлари яратиш ва уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятини бермоқда. Айниқса, мобил ўйинлар, аутсорсинг хизматлари ва контент локализацияси йўналишлари жадал ривожланмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилган. Жумладан, Корея Республикаси билан ҳамкорлик доирасида Сеул шаҳрида IT Park ваколатхонаси очилди. "Local2Global.Korea" дастури ишга туширилиб, маҳаллий студияларнинг хорижий бозорларга чиқиши қўллаб-қувватланмоқда. Шу орқали халқаро компаниялар билан қўшма лойиҳалар сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, мамлакатда GameDev соҳаси учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Олий таълим муассасаларида тегишли йўналишлар очилмоқда, IT Park ва хусусий студиялар томонидан амалий ўқув дастурлари ташкил этилмоқда. Бу эса ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши ва юқори даромадли соҳаларга кириб келишини таъминламоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА