Ғаллаоролда янги ўқув маркази иш бошлади
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган яна бир муҳим таълим маскани ўз фаолиятини бошлади. Президент ташаббуси асосида амалга оширилаётган “Кўмак” лойиҳаси доирасида барпо этилган мазкур марказ келажак эгалари учун замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллашда мустаҳкам таянч бўлади.
Мазкур таълим маскани Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Кўмак” лойиҳаси доирасида барпо этилди. Унинг асосий мақсади ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларга замонавий билим ва касбий кўникмалар бериш, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиши учун зарур шароит яратишдан иборат.


Марказда таълим жараёнини юқори савияда ташкил этиш учун барча зарур имкониятлар муҳайё қилинган. Замонавий талаблар асосида жиҳозланган ўқув хоналари, қулай таълим муҳити ҳамда малакали мутахассислар иштирокида ташкил этиладиган машғулотлар ёшларнинг билим ва маҳоратини янада оширишга хизмат қилади.

Айниқса, бу ерда яратилган шарт-шароитлар ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг замонавий касбларни пухта эгаллаши ва мустақил ҳаётга муносиб тайёргарлик кўриши учун кенг имкониятлар очади. Бу эса мамлакатимизда инсон капитали сифатини юксалтириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг жамият тараққиётидаги фаол иштирокини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

“Тараққиёт” ўқув марказининг ишга туширилиши нафақат “Қўйтош” шаҳарча фуқаролар йиғини, балки бутун Ғаллаорол тумани ёшлари учун муҳим воқеага айланди. Бу каби ташаббуслар ёш авлоднинг билим олишга бўлган интилишини рағбатлантириш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва келажакда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб вояга етишига мустаҳкам замин яратади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири