Ғалла –2022: техникалар мавсумга шай
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги марказий техникалар таъмирлаш устахонасида 2022 йил ғалла ҳосили ўрим-йиғими мавсумида иштирок этадиган комбайнларни таъмирлаш ва сертификат асосида қабул қилинишини ташкил этиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзагроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутасаддилари, ғалла кластер раҳбарлари, ММТП раислари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, туманда жорий йил ҳосили учун 281 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг гектар майдонда дон экилган. Ғалла ҳосилини ўриб олиш учун жами 15 дона ғалла ўриш комбайнини жалб этиш режалаштирилган. Ушбу комбайнларнинг 2 донаси кластер корхоналарига, 10 донаси фермер хўжаликларига ҳамда 4 донаси бошқа ташкилот ва фуқароларга тегишлидир.
Ғалла ўрим-йиғим мавсумини ўз муддатида ва сифатли ўтказиш мақсадида туманда 15 та ўрим отряди ташкил этилган. Ҳар бир отрядга 1 та комбайн, ғаллани ташиш учун 47 дона юк ташиш автомобили, ҳар бир отрядга 1 тадан кўчма таъмирлаш устахонаси ва 1 тадан ёқилғи ташиш воситаси бириктирилган.

Семинарда бажарилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди. Тадбир якунида комбайн операторларига пул маблағи ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА