Ғалабалар ҳали олдинда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, миллионлар қалбини мафтун этган футбол соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий инфратузилманинг яратилиши юртимизнинг ҳар бир гўшасидан асл истеъдодларнинг бўй кўрсатишига замин ҳозирлади.
Олиб борилган изчил меҳнатлар ўз мевасини бериб, ўзбек футболида том маънода янги давр ва кескин бурилиш даври бошланди. Терма жамоамизнинг машаққатли саралаш довонларидан мардонавор ўтиб, халқимизнинг неча ўн йиллик ушалмас армони, буюк орзуси бўлмиш мундиал йўлланмасини қўлга киритгани ушбу ислоҳотларнинг энг олий зафари бўлди. Америка қитъаси яшил майдонларида ўтган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг илк бор иштирок этгани спорт тарихимизга олтин ҳарфлар билан ёзилди.
Бугун ушбу тарихий воқелик, жамоамизнинг кўрсатган ўйинлари нафақат юртимиз мухлислари, балки жаҳон футболининг етакчи экспертлари, халқаро шарҳловчилар, блогерлар ва кенг жамоатчилик томонидан ҳануз қизғин таҳлил қилиниб, катта эътироф ва баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Қуръа натижалари эълон қилинганда, футбол тили билан айтганда, вакилларимиз жой олган гуруҳни кўплаб халқаро мутахассислар ҳақли равишда «ўлим гуруҳи» дея номлашган эди. Бу баҳода ҳеч қандай муболаға йўқ эди. Боиси, рақибларимиз — Португалия ва Колумбия терма жамоалари дунё грандлари ҳисобланиб, мундиаллар ҳавосидан тўйиб сипқорган, таркиби Европанинг энг нуфузли топ-клубларида тўп сурадиган, жаҳонга машҳур юлдузлардан иборат эди. Африка қитъасидан ташриф буюрган Конго терма жамоаси эса ўз амбициялари ва жисмоний устунлиги билан ажралиб турарди. Уларнинг Португалияга қарши баҳсда кўрсатган жанговар ўйини ва қайд этган дуранг натижаси фикримизнинг яққол исботидир.
Шундай суронли майдонда Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор дебютант сифатида намоён бўлди. Тўғри, таркибимизда Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов каби Европанинг кучли чемпионатларида тобланган, халқаро миқёсда ўз сўзини айта олган юлдузларимиз бор эди. Бироқ жаҳон даражасидаги энг юқори тизимга қарши фақат бир нечта футболчининг индивидуал маҳорати билан ғалаба қозониш имконсиз эканлигини футбол қонуниятлари кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, йигитларимиз ҳар бир баҳсда орқага чекинмай, майдонда борини бериб, миллат шаъни учун мардонавор курашдилар.

Ҳатто Конго терма жамоаси билан кечган шиддатли баҳснинг биринчи бўлимида вакилларимиз устунликни қўлга олиб, ҳисобда олдинга чиқиб олишганди. Бироқ иккинчи бўлимда дарвозамиз олдида юзага келган баҳсли вазият ва белгиланган 11 метрлик жарима зарбаси ўйин тақдирини тубдан ўзгартириб юборди. Бу пенальти нафақат ҳисобни тенглаштирди, балки футболчиларимизнинг руҳий мувозанатига ҳам жиддий зарба бўлди. Руҳланган ва ўзига бўлган ишончи ортган рақибни тўхтатиб қолиш эса якунда жуда қийин кечди ва оғриқли мағлубиятни қабул қилишга мажбур бўлдик.
Мазкур мусобақадаги мағлубиятларимизни холис ва профессионал тарзда таҳлил қилсак, ўйинимиздаги айрим тизимли ва тактик камчиликлар яққол кўзга ташланади. Энг биринчи навбатда, футболчиларимиз гол ўтказиб юбориб, ҳисобда орқада қолган заҳоти, совуққонликни йўқотиб, ҳиссиётлар эвазига оммавий ҳужумга ўтишга интилишди. Албатта, бу ҳолатнинг икки томони бор: ижобий томони — жамоанинг ғалабага бўлган юксак иродаси ва жанговар руҳини кўрсатса, салбий томони — ҳужум ортидан ҳимоя чизиғининг бутунлай унутилиши ва очиқ қолишига олиб келди.

Гуруҳдаги учта баҳсда ҳам айнан мағлубиятдан қутилиш иштиёқида олдинга ташланиш оқибатида орқа чизиқ заифлашиб қолди. Мисол учун, Португалия билан ўйинда афсонавий Криштиану Роналду деярли ҳеч қандай жиддий қаршиликка учрамай, жарима майдончамиз ичига кириб борди ва маҳоратини намойиш этди. Бундан ташқари, вакилларимиз тўпни олдириб қўйган вазиятларда рақибга ўша жойнинг ўзида тезкор прессинг уюштириш ўрнига, то ўз жарима майдонимиз чизиғигача орқага чекинишди. Бу тактик хато рақибга эркин ҳаракатланиш майдонини тақдим этди ва дарвозамиз олдида кетма-кет хавфли вазиятлар, бурчак тўплари ва пенальтиларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Шунингдек, тўп узатишлардаги оддий уқувсизлик, техник хатолар ва дарвозабонларимизнинг бундай юқори савиядаги ўйинларда халқаро тажрибаси етишмаслиги ҳам билиниб қолди. Жаҳоннинг энг тезкор ва кучли жамоалари эса бундай хатоларни ҳеч қачон кечирмайди.
Бундан ташқари, жамоамизнинг муваффақиятсизлигида миллий терма жамоа бош мураббийи, италиялик машҳур мутахассис Фабио Каннаваронинг ҳам масъулияти катта эканлиги айтилмоқда. Уни жамоани тактик ва жисмоний жиҳатдан мундиал даражасига етарлича тайёрлай олмаганликда ҳақли равишда танқид қилишмоқда. Шубҳасизки, Жаҳон чемпионати якунлангач, ушбу муаммолар ва мураббийлар штабининг фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилади ва холис баҳо берилади.
Айнан шу ўринда футболимиз тарихига бир назар ташлаб, 1979 йилги авиаҳалокатда бевақт кўз юмган афсонавий “Пахтакор” жамосини ёдга олишни бурчим деб биламан. Ўша машъум фожиа юз бергунга қадар бу жамоа кетма-кет саккизта учрашувда мағлубият нималигини билмай, зафар қучиб келаётган эди. Ўша даврларда аслида “Пахтакор” юртимизнинг норасмий миллий терма жамоаси эди. Улар Россия, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Украинанинг энг қудратли жамоалари билан тенгма-тенг, мағрур ўйин кўрсатарди. Жамоа таркибидаги Эркин Абдураимов, Геннадий Красницкий, Тўлаган Исоқов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Ашурматов каби афсоналарнинг номи бутун собиқ иттифоқ ҳудудида шов-шув эди. Масалан, Красницкий ва Аннинг ўта кучли ва аниқ зарбалари рақибларни титратса, Абдураимов ҳатто бурчак тўпидан тўғридан-тўғри дарвозани ишғол эта оладиган ноёб истеъдод соҳиби эди.

Афсус, ана шу олтин авлоднинг деярли барча вакиллари ўша мудҳиш фожиа қурбони бўлишди. Бу халқимиз учун оғир йўқотиш бўлиш билан бирга, ўзбек футболининг келажагига берилган энг аёвсиз зарба эди. Биз нафақат энг сара футболчиларимиздан, балки келажакда юртимиз футболини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлган буюк миллий мураббийлар мактабидан, стратегик тафаккур эгаларидан айрилиб қолдик. Агар ўша алп йигитлар омон қолганларида, бугун хориждан нажот излаб, чет элдан мураббий қидириб юрмаган бўлардик. Балки уларнинг тарбиясини олган бугунги авлод Жаҳон чемпионатида бундан-да буюк натижаларни қайд этган бўлармиди...
Нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу Жаҳон чемпионати ўзбек футболи учун шунчаки бир турнир эмас, балки бебаҳо ва буюк сабоқ мактаби бўлди. Биз дунё футболининг энг қайноқ қозонида қайнадик, тобландик ва ҳақиқий катта футбол ҳавосини туйдик. Катта ғалабалар қандай машаққат ва тактик совуққонлик эвазига қўлга киритилишини футболчиларимиз ҳам, миллионлаб фидойи ишқибозларимиз ҳам юрак-юракдан ҳис қилишди.
Энг муҳими, биз мағлубиятдан синмасликни, балки ундан тўғри тактик хулоса чиқариб, янада кучлироқ бўлиб қад ростлашни ўргандик. Бу тарихий дебют — порлоқ истиқболнинг мустаҳкам пойдеворидир. Халқаро майдонда ўз сўзимизни айтдик, хатоларимизни англадик. Ишончимиз комилки, буюк зафарлар ва тарихий ғалабалар ҳали олдинда!
Туроб Ниёз,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси