Футболчиларимиз эртага оқ либосда ўйнайди
Аввал хабар берганимиздек, 27-30 март кунлари Тошкентда футбол бўйича “FIFA Series – 2026” мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари иштирок этади.
ФИФА қарорига кўра, турнир гуруҳ босқичи форматида ўтади аммо фақат икки турдан иборат бўлади. Ҳар бир жамоа иккитадан ўйин ўтказади. Жумладан, 27 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Габон термасига қарши “Бунёдкор” стадионида ўйнайди. Шу куни “Пахтакор” стадионида Венесуэла - Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. 30 март санасида эса Ўзбекистон “Бунёдкор”да Венесуэла билан, “Пахтакор” Габон ҳамда Тринидад ва Тобаго миллий термалари рўбарў келади.
Шу ўринда, миллий жамоамизнинг эртанги ўйини ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага Габонга қарши оқ либосда майдонга тушади. Дарвозабон эса қора либосда ҳаракат қилади. Ушбу жамоалар буганга қадар ўзаро тўқнаш келмаган. 2026 йил март ҳолатига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида 52, Габон миллий жамоаси эса 86-ўринда бормоқда.
“Transfermarkt” маълумотига кўра, миллий жамоамизнинг тахминий таркиби 78 миллион еврони ташкил қилади ва улар орасида энг қиммат футболчи — “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов. У айни дамда 35 миллион еврога баҳоланади. Шунингдек, Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев 7 миллион евро қийматига эга. Габон терма жамоасининг тахминий қиймати 29,5 миллион евро.
Умид қиламизки, ушбу учрашув терма жамоамизнинг мундиал олдидан тайёргарлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА