Футбол академияси учун ФИФА талабига мос майдон
Самарқанд вилояти футбол академиясида “AFC EQUAL PITCH PROJECT” – “БИР ХИЛ МАЙДОН” лойиҳаси доирасида ФИФА талабларига мос сунъий қопламали ўйингоҳ фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Осиё футбол конфедерацияси билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида ташкил қилинган янги футбол майдонини фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этиб, юртимизда футболни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратишди. Ушбу жараёнда мамлакат футболи учун маҳоратли ёш футболчиларни тарбиялаб бераётган ҳудудий футбол академияларининг ҳам алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
– Бугун юртимизда футбол ривожланиб, халқаро майдонда ҳам ўзбекистонлик футболчиларнинг маҳорати эътироф этилмоқда, – деди Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов. – Уларнинг дунёнинг топ клубларидаги фаолияти ушбу спорт турига бўлган қизиқишни ошириш билан бирга футбол бизнесини ҳам ривожлантирмоқда. Биргина Абдуқодир Ҳусановнинг қисқа вақт ичида нуфузли топ клубга ўтиши унинг трансфер нархи кескин ошишини таъминлади. Энг муҳими, бу трансфердан у тарбияланган академияга ҳам, унга футбол сирларини ўргатган мураббийларга ҳам даромад келмоқда. Шундай экан, футболни ривожлантириш дунёда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш билан бирга молиявий имкониятларни ошириш жиҳатидан ҳам аҳамиятли. Шу боис, бугун футбол академияларида фаолият юритаётган мураббийлар ҳам зиммасидаги масъулиятни ҳис этишлари зарур.

Р. Эрматов Самарқанд вилояти ҳокимлиги футболни ривожлантириш борасидаги лойиҳаларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади. Бунинг натижаси сифатида ФИФА талабига мос илк футбол майдони Самарқанд футбол академиясида ташкил этилди.
Самарқанд вилояти футбол академиясида бугун 154 нафар истеъдодли ёшлар футбол сирларини ўрганмоқда. Уларга 21 нафар мураббий маҳорат сабоқларини бериб келмоқда.
[gallery-32348]
Футбол майдонини фойдаланишга топшириш жараёнида вилоят ҳокими Адиз Бобоев академияда фаолият юритаётган мураббийлар билан мулоқот қилиб, уларнинг иш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларини билдирди.

– Самарқандда футбол фидойилари жуда кўп, буни ижтимоий тармоқлар орқали футболни ривожлантиришга ёрдам қилиш бўйича билдирилаётган таклифлардан ҳам билиш мумкин, – деди Адиз Бобоев. – Бизнинг жорий йилги спорт соҳасидаги натижаларимиз жуда ажойиб бўлмоқда. Аммо, футболимиз кутган натижани бермаяпти. Тўғри, молиявий масалалар билан боғлиқ муаммолар юзага келди, ҳозир вазият тўғриланди. Бироқ муаммо бунда эмас. Футбол академиямиз тарбияланувчилари “Динамо” жамоасининг асосий таркибини ташкил этиши керак. Айни пайтда икки-уч нафар футболчи бош жамоамизда тўп тепмоқда. Қолганлар қаерда? Ахир ҳар йили академияни йигирма нафардан ортиқ футболчи битирмоқда. Бу билан мураббийларни танқид қилмоқчи эмасман. Уларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш керак деган таклифни ўртага ташламоқчиман. Ёшларимиз орасида истеъдодлилари жуда кўп. Уларнинг маҳоратини шакллантириш мураббийга боғлиқ. Бундан буён вилоятнинг бош жамоасига, терма жамоаларга муносиб номзодларни тайёрлаган мураббийларни вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантириб борамиз.
Тадбир доирасида вилоят ҳокимлиги ва ЎФА масъуллари самарқандлик футбол фидойиларининг таклифларини эшитди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари