Француз компанияси билан электр энергияси сотуви бўйича узоқ муддатли битим тузилди
Ўзбекистоннинг "Яшил" энергетика бўйича истиқболли ҳамкорларидан бири – Франциянинг "Voltalia" компанияси билан мамлакатимизда қуёш, шамол станциялари ва энергия сақлаш тизимидан иборат гибрид кластер учун электр энергияси сотиш бўйича 25 йиллик шартнома имзоланди. Ушбу хорижий корхона юртимизда энергияни сақлаш ва агровольтаика бўйича янги лойиҳалар ҳам амалга оширмоқда.
"Ўзэнергосотиш" давлат компанияси иштирокидаги мазкур келишувга Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи доирасида эришилди.
Энергетика ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари кўмагида амалга оширилган ташаббус Бухоро вилоятида илгари сурилган "Artemisya" лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади. Қуёш-шамол мажмуаси 126 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси, 300 МВтли шамол станцияси ва 100 МВт/200 МВт/соат қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизимидан иборат.
2022 йил ноябрь ойида "Voltalia" Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу гибрид кластерни ишга тушириш бўйича шартнома имзолаган. 2023 йил ноябрда Президент Эммануэль Макроннинг республикамизга ташрифи доирасида Самарқандда "Artemisya" лойиҳасини ривожлантиришнинг кейинги босқичларини белгилаб берувчи протокол тасдиқланган.
Бугун имзоланган электр энергиясини сотиш тўғрисидаги битим қуёш ва шамол энергияси учун 25 йил, сақлаш қувватлари учун 15 йилга мўлжалланган. Лойиҳанинг узоқ муддати молиявий барқарорликни таъминлайди ва мамлакатда электр энергиясига нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжни, айниқса, истеъмолнинг юқори чўққиси – эрталаб ва кечқурун ҳам қондиришга ёрдам беради.
Объектда йилига ишлаб чиқариладиган электр энергияси қарийб 2,5 миллион аҳоли талабини қоплаши кутиляпти. Яна бир муҳим жиҳат: лойиҳа туфайли йилига 598 000 тонна карбонат ангидрид чиқиндиси йўқолади.
Қурилиш ишлари 2026 йил I чоракда қуёш энергияси ва сақлаш тизими, 2026 йил III чоракда шамол энергетикаси учун режалаштирилган.
Бундан ташқари "Voltalia" билан қуввати 500 МВт- 1 ГВт/соат электр энергиясини сақлаш бўйича йирик лойиҳанинг асосий шартлари юзасидан келишиб олинди.
2025 йил август ойида Тошкент вилоятида ишга туширилиши режалаштирилган 500 киловаттли агровольтаик лойиҳасини эса мамлакатимиздаги биринчи шундай ташаббус сифатида мазкур технологияни ривожлантириш учун синов вазифасини ўтайди.
Шу тариқа "Voltalia" республикамизнинг 2026 йилгача 8 ГВт ва 2030 йилгача 12 ГВт қайта тикланадиган энергия миқдорига эришиш мақсадини қўллаб-қувватлайди.
– Янги шартнома Ўзбекистон ҳукумати томонидан юқори самарадорликка эришиш ва соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш йўлида бизга билдирилган ишончни акс эттиради, – деди "Voltalia" бош директори ўринбосари Йони Аммар. – Энди шу улуғвор мақсадга содиқ шерик сифатида айни йўналишни ривожлантириш, молиялаштириш, қуриш ва тегишли объектларга хизмат кўрсатишни йўлга қўямиз.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА