Францияда ўт ўчирувчилар ресурс ва ходимларни кўпайтиришни талаб қилмоқда
Франция ўт ўчирувчилар касаба уюшмалари чақириқлар сони ортгани ҳамда йирик ўрмон ёнғинлари авж олгани фонида ходимлар ва ресурсларни кўпайтиришни талаб қилиб, умуммиллий сафарбарлик эълон қилди.
Хабарга кўра, ёнғин ва қутқарув хизматининг тўққизта касаба уюшмаси мамлакат ички ишлар вазири Лоран Нуньес билан учрашган, бироқ соҳани молиялаштириш ва фуқаролик хавфсизлигини модернизация қилиш бўйича қўллаб-қувватлов йўқлигидан норози бўлишган.
Касаба уюшмалари вакили Ксавье Бойнинг таъкидлашича, вазирдан стратегия ёки қонун лойиҳаси мазмуни бўйича аниқ жавоб олинмаган. Шу сабабли, касаба уюшмалари давлат хизматчиларининг умуммиллий ҳаракати доирасида сентябрь ойида фаол сафарбарлик ўтказишини маълум қилди.
Бундан ташқари, соҳа мутахассислари 26-28 сентябрь кунлари Парижнинг Республика майдонида норозилик намойишларини ҳам ўтказишни режалаштирмоқда. Намойишчиларнинг асосий талаблари — қутқарув хизматлари ресурсларини кўпайтириш, 21 мингта янги иш ўрни яратиш орқали ходимларни оммавий равишда ишга қабул қилиш ва фуқаролик хавфсизлигини модернизация қилишга қаратилган қонунни зудлик билан қабул қилишдан иборат.
Ф.Яхшибоева, ЎзА