Франция ва Марокаш мундиал чорак финалида ўйнайди
Мбаппе голи Францияни финалга олиб чиқди, Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси муҳим ўйинни бошқарди
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал баҳсида Франция терма жамоаси Парагвайни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди.
Учрашув тақдирини 70-дақиқада ҳужумчи Килиан Мбаппе киритган ягона гол ҳал қилди. Шу тариқа французлар мундиал бош соврини учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати, мазкур учрашувни ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқарди. Унга қанот ҳакамлари сифатида Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам берди.
Шунингдек, Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Канада ва Марокаш терма жамоалари ўртасидаги ўйин Хьюстон шаҳридаги “Houston Stadium”да ташкил этилди. Учрашувда Марокаш терма жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Энди мундиалнинг чорак финал баҳсида Франция 9 июль куни Марокаш терма жамоаси билан ўзаро рақобатлашади.
Маълумот учун, мамлакатимиз вақти билан 6 июль соат 01:00 да Бразилия ва Норвегия терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланади. Шунингдек, шу куни соат 05:00 да Мексика ҳамда Англия термалари тўқнаш келади. Мазкур ўйин ғолиблари эса 11 июль санасида чорак финалда ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА