Нега Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Франция “POMA S.A.S.” компаниясининг Марказий Осиё бўйича менежери Антон Чудайев билан такрор учрашди?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фарғона” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2026 йил 12 январдаги қарорида Фарғона вилояти туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тоғли ҳудудларнинг захира имкониятларини ишга тушириш, халқаро курорт зонасини ривожлантириш каби вазифалар юкланган эди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги хорижий инвестор ва тажрибали мутахассисларни ҳам жалб этмоқда. Лойиҳа ижросида Хитой компаниялари ўз иштирокини тасдиқлади. Мана энди Европанинг нуфузли компаниялари қизиқиш билдирмоқда.

Мулоқотда туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилиниб, келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, компания томонидан Шоҳимардон, Ёрдон ҳамда Данғара туманларида амалга оширилиши кўзда тутилган осма дор йўлларини барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Мазкур лойиҳа аввалги учрашувда билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилди.

Суҳбат давомида замонавий туризм масканларини яратишда Франция компаниясининг бой тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бу йўналишдаги ишларни сифатли бажариш, айниқса, осма дор йўлларидан фойдаланувчилар хавфсизлигини мукаммал таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда туризм йўналишларини ривожлантириш, уларни йирик туризм марказларига айлантириш бўйича амалий ишлар бошлангани, бунда инфратузилма муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Учрашув якунида ушбу жараёнларни изчил давом эттириш ҳамда лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш босқичлари келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА