Фермер ерни сотаётганда қўлга тушди
Мамлакатимизда ер муносабатларида қонунийликни таъминлаш, коррупция ҳолатларига қарши кескин курашиш ҳамда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай тезкор тадбирлардан бири Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ўтказилиб, ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Р.М.” фермер хўжалиги раҳбари Х.М. “Қутчи” массивида жойлашган 45,6 гектар ер майдонининг 2,7 гектар қисмини фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган.
У мазкур хизмат эвазига 36 минг АҚШ доллари талаб қилган бўлиб, келишилган маблағнинг 32 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир Департаментнинг Ғиждувон тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.