Фахрий журналист аёлларга эҳтиром кўрсатилди
Андижонда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Муқаддассан, аёл!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Андижон вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритган, ҳозир кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ соҳа фахрийлари, журналист аёллар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Махпурахон Артиқова, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев ва бошқалар ижодкор опа-сингилларимизни байрам билан муборакбод этди. Мамлакатимизда хотин-қизларга, ижодкорларга кўрсатилаётган эътибор, фахрийларнинг ўз давридаги ижоди, ёш мутахассислар тарбияси борасидаги самарали фаолияти хусусида сўз юритди.

Айни кунда Андижон вилоятидаги 150 нафардан зиёд Журналистлар уюшмаси аъзосининг 30 нафарга яқинини фахрий журналист аёллар ташкил этади. Улар ўз давридаги самарали фаолияти, қолаверса, бугунги кунда устозлик ўгитлари, ёш авлодни тарбиялашдаги фаоллиги, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналарини тарғиб этишдаги ижод намуналари билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Тадбирда фахрий журналистлар – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мукаррамхон Холматова, Шефие Иманқулова, Раънохон Жуманиёзова, Замирахон Рўзиева ижодкор аёллар фаолиятидаги қийинчиликлар, қалбларидаги бугунги шукроналик ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
–Ижод аҳлига, айниқса, биз фахрий журналист аёлларга кўрсатилган эътибордан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, – дейди саксон уч ёшни қаршилаган фахрий журналист Раънохон Жуманиёзова. – Ўз даврида “Хўжаобод”, “Булоқбоши” газеталари муҳаррири бўлиб ишлаганман. Фаолиятимизда кўп қувончли кунларни, шу билан бирга, турли муаммо ва ташвишларни ҳам бошимиздан ўтказганмиз. Лекин ҳамиша адолатни ёзишдан чарчамаганмиз.
У даврларда сиёсат, турли ёзилмаган тартиблар боис ишлаш, дилингдаги сўзни ёзиш анча оғир бўлган. Шукр, бугун журналистлар олдида у пайтдагидай тўсиқлар йўқ. Энг муҳими, юртимизда қайси соҳада, қайси касбда ишлашидан қатъи назар, инсон қадри улуғланмоқда. Мана шундай юртимизга, тинчлигимиз ва фаровонлигимизга кўз тегмасин.
Самимий мулоқот, мушоиралар билан ўтган тадбир якунида қатнашчиларга Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари