Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Фарзанд тарбиясида коллаборатив технологиялардан фойдаланиш” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда АҚШ, Туркия, Германия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан келган олимлар ҳамда 150 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар иштирок этди.


Замонавий таълим тизимининг устувор вазифаларидан бири – фарзанд тарбиясида замонавий, илғор ва инновацион ёндашувларни жорий этиш. Бугунги кунда рақамли технологиялар ва педагогик коллаборациялар тарбия жараёнининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ана шундай муҳим жараённи назарда тутган ҳолда ташкил этилган мазкур халқаро анжуман фарзанд тарбиясида коллаборатив технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш, уларни миллий таълим тизимига интеграция қилиш ҳамда ота-она, педагог ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди.


Анжуманнинг асосий мақсади турли давлатлардаги илғор тажрибаларни умумлаштириш орқали фарзанд тарбиясини янада мукаммаллаштириш, таълим сифатини ошириш, инновацион педагогик технологияларни амалиётга жорий қилиш ва ота-оналар ҳамда педагоглар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.


Тадбир давомида халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан коллаборатив технологияларнинг психологик-педагогик асослари, рақамли таълим воситалари, оила ва мактаб ўртасидаги ўзаро муносабат механизмлари чуқур таҳлил қилинди.
200 дан зиёд мақола тақдим этилди, уларнинг 100 таси илмий сессияларда муҳокама қилинди. Мақолалар нуфузли халқаро платформаларда чоп этилади ва Google Scholar орқали индексланади.
Анжуман миллий таълим тизимини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
ЎзА