Фаррух Ражабов – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ очиқ чемпионати ғолиби
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да шахмат бўйича анъанавий “Ўзбекгидроэнерго” АЖ очиқ чемпионатининг финал босқичи ўтказилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада қатор вазирлик ва идоралар ҳамда акциядорлик жамиятларининг марказий аппаратлари ходимлари иштирок этиб, ўз имкониятларини синаб кўрди.
Мусобақа Ўзбекистон шахмат федерациясининг малакали ҳакамлари иштирокида FIDE қоидалари бўйича ўтказилди. Унда 120 нафардан ортиқ иштирокчи 11 тур давомида ғолиблик учун куч синашди.
Эътиборлиси, турнир жараёни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбариятининг ҳам диққат марказида бўлди. Улар мусобақа давомида иштирокчиларнинг қизғин баҳсларини катта қизиқиш билан кузатди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, “Ўзавтосаноат” АЖ ходими Фаррух Ражабов 1-ўринни эгаллаб, чемпионат ғолиби бўлди. “Асакабанк” АЖ ходими Даврон Сулаймонов 2-ўринни, Ички ишлар вазирлиги ходими Шербек Хуррамов эса 3-ўринни қўлга киритди.
Чемпионат ғолиби Фаррух Ражабовнинг таъкидлашича, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган мазкур чемпионат шахмат ихлосмандларини бир майдонга жамлаб, уларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиш учун кенг имконият яратди.
– Чемпионатда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Мусобақа юқори савияда ва жуда қизғин руҳда ўтди. Мусобақа давомида ҳар бир баҳсга масъулият билан ёндашишга ҳаракат қилдим. Рақибларимнинг барчаси муносиб ўйин намойиш этди. Шунинг учун ҳар бир партия мен учун қизиқарли ва муҳим тажриба бўлди. Менимча, бундай мусобақалар нафақат шахматни оммалаштириш, балки турли ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни бирлаштириш, улар ўртасида соғлом рақобат ва дўстона муҳитни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга, – деди Ф.Ражабов.

Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорларга муносиб пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, 1-ўрин соҳиби Фаррух Ражабовга 130 миллион сўм, 2-ўрин соҳиби Даврон Сулаймоновга 100 миллион сўм, 3-ўрин соҳиби Шербек Хуррамовга 70 миллион сўм пул мукофоти берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА