Фаровонлик ва саломатлик манбаи
Ер ҳақиқий эгасини топди. Фермерларга яратилаётган кенг имкониятлар уларни янада кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш ва янгиликлар яратишга ундамоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одамларда ерга, мулкка бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.Ер ҳақиқий эгасини топди. Фермерларга яратилаётган кенг имкониятлар уларни янада кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш ва янгиликлар яратишга ундамоқда. Қишлоқ хўжалигининг асосий бўғинларидан бири боғдорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, аҳолининг мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли мевали боғлардан мўл ҳосил олинаётгани ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳани ривожлантириш, замонавий усулларни кенг жорий этиш, боғбонларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришда янги имкониятлар яратди. Мазкур ҳужжат асосида мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун қатор имтиёзлар жорий этилгани фермерларда мулкка эгалик ҳиссини кучайтириб, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 14 минг 500 гектарга яқин майдонда интенсив боғ барпо этилган. Ушбу боғларнинг афзаллиги тез ҳосилга кириши, меваси мўл ва сифатли бўлишидир.
– Меваларнинг янги навларини яратиш, маҳаллий ва интродукция қилинган навларни ўрганиш билан бирга, боғларда тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида хориждан 400 минг дона уруғли меваларнинг пакана ва ярим пакана пайвандтаглари келтирилди, – дейди академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ш.Асадов. – Мазкур пайвандтаглар институт филиаллари ва тажриба хўжаликларида ташкил этилган махсус кўчатхоналарда парваришланмоқда. Институт тизимидаги хўжаликларда 3,5 миллион туп узум, интенсив боғлар учун пакана ва ярим пакана 3 миллион тупга яқин олма кўчати етиштирилаётир.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфиддинова Хонзода” фермер хўжалиги раҳбари Заҳриддин Сайфиддинов пайвандлаш орқали янги нав яратиш, кўчат ва мева етиштириш борасида катта тажриба тўплаган. Дастлаб ўзининг мўъжазгина томорқасида боғдорчилик қилган боғбон 2007 йили 6 гектар майдонда фермер хўжалиги ташкил этди. Бугунги кунда хўжалик 115 гектар майдонда ғаллачилик, боғдорчилик, гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланмоқда. 20 гектар майдонда ташкил этилган интенсив боғда олманинг лигол нави парвариш қилинаётир. Фермер жорий йилда интенсив боғдан 150 тоннадан зиёд олма териб олди. Даромад ҳисобидан хўжалик учун зарур ҳайдов трактори ва экскаватор харид қилди.
Қўли очиқнинг йўли очиқ, деган ҳикматга амал қилган фермер туманда ўтказиладиган турли хайр-саховат тадбирларига ҳомийлик қилиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда. 2014 йилги даромаддан болалар спортини ривожлантиришга 10 миллион сўмлик ёрдам кўрсатди. Байрам кунлари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиш, маънавий-руҳий далда беришни Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатига оз бўлса-да, ҳисса деб ҳисоблайди.
– Ниҳолнинг баравж ўсиши учун кўчат экилган майдондаги қатор оралари эрта баҳорда 40-45 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, тупроғи майдаланади, – дейди фермер. – Шундан сўнг ҳар туп кўчат атрофига 200 граммдан азотли ва фосфорли ўғит сепилиб, тупроғи юмшатилади. Бу юмушлар намликни меъёрида сақлашга ёрдам беради. Куз-қиш даврида кўчатларга шакл бериш, буташ ва ўғитлар билан озиқлантириб бориш ҳам муҳим тадбирлардан.
Мамлакатимизда барпо этилаётган янги боғлар нафақат меваси, балки табиий яшилликни, атроф-муҳит мусаффолигини асрашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Юртимизда боғлар қанча кўпайса, дастурхонимиз ҳам шунча тўкин, нарх-наво арзон бўлади. Энг муҳими, фарзандларимиз табиий маҳсулот истеъмол қилади, бу уларнинг соғлом ва бақувват бўлиб ўсишида асосий омиллардан биридир.