Президент ташрифидан сўнг...
Касбимиз тақозоси билан баъзи дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарадиган корхоналарда кўп бўлганмиз. Объектга киргунча қанча назорат ва дезинфекция жараёнларидан ўтилади. У ердаги қатъий қоида, тартиб ва тозалик эса кишини ҳайратга солади. Тасаввур қиляпсизми?
Бу соҳада ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, тайёр маҳсулотларни сақлаш ундан ҳам масъулиятли иш экан. Бу фикрга Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Grand Pharm Logistics Hub” фаолияти билан яқиндан танишганимиздан сўнг келдик.
Президент куни кеча ушбу фармацевтик логистика маркази фаолияти билан танишди. Ташрифидан сўнг корхона масъуллари билан суҳбатлашдик.
[gallery-20932]
Ушбу марказ “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудидаги дастлабки йирик лойиҳалардан бири саналади. Ўн гектар майдонда жойлашган ушбу тадбиркорлик субъектининг умумий қиймати 40 миллион доллар бўлиб, маҳсулотларни сақлаш жойи 50 минг квадрат метрни ташкил этади.
– Бу лойиҳа доирасида ҳудудда уч қаватли маъмурий бино, эллик ўринли меҳмонхона, ходимлар учун ошхона ва ётоқхона қурилди, – дейди “Grand Pharm Logistics Hub” масъулияти чекланган корхонаси директори Матёқуб Тўрабоев. – Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатувчи устахона, автотураргоҳ барпо этилди. Энг муҳими, ягона марказлаштирилган ва тўлиқ автоматлаштирилган сақлаш ҳудуди бунёд этилди. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 325 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда халқаро стандартлар асосида катта ҳажмдаги фармацевтика товарларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш имконияти мавжуд. Давлатимиз раҳбари дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотларини қабул қилиш, божхона расмийлаштируви, сақлаш, тақсимлаш ва сотувга етказиб бериш жараёнлари билан танишди. Фаолиятимизни янада такомиллаштириш бўйича муҳим топшириқлар берди.
[gallery-20933]
Дарҳақиқат, фармацевтика ривожида ишлаб чиқариш ва замонавий логистика тизими тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга.
Марказда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилишларида марказлаштирилган халқаро “SAP” тизими орқали амалий ёрдам берилади. Бунинг учун дори воситалари сифатини таъминлаш бўйича “GDP” ва “GSP” сертификатлари ҳамда божхона омбори, халқаро юкларни ташиш учун лицензиялар мавжуд. Шунингдек, бу ерда хорижий бренд компаниялар томонидан келтирилган маҳсулотларни сифатли сақлаш билан бирга божхона кўригидан ўтказиш жараёни ҳам тезлашгани аҳамиятли.
Бундай юқори даражада ишончга эга бўлишнинг маълум талаблари бор. Бу стандартларни таъминлаш учун марказга ривожланган давлатлардан келтирилган ҳавони иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилган. Қозонхона, насос станциялари, электр генераторлар, юк тушириш ва ортиш учун қулай йўлаклар, махсус ташиш техникалари келтирилган.
Ушбу марказ тадбиркорларга бизнес учун трансминтақавий имкониятларни – халқаро логистика хизматини ҳам тақдим этади. Бунинг учун ҳароратни назорат қилувчи қурилмалар ва GPS-ускунаси билан жиҳозланган йигирмадан ортиқ катта юк машиналаридан фойдаланилади.
Ҳамкорлик географияси йилдан-йилга кенгайиб боради. Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Германия, Польша, Франция, Венгрия, Руминия ва Туркия каби давлатлар билан логистик алоқалар фаол кечмоқда. Бугунги кунда товарлар айланмасининг 60 фоизини хорижий, 40 фоизини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари ташкил этади.
Компания фармацевтика бозорини мунтазам ўрганиб, тиббиёт соҳасидаги эҳтиёжларини ҳам таҳлил қилиб боради. Натижада дистрибьюторлик йўналиши кўлами кенгайиб бормоқда. Ушбу тадбиркорлик субъекти мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб 7 минг 500 дан ортиқ дорихонага товарлар етказиб беради. Шунингдек, корхонанинг “GRANDPHARM” ва “BestPharm” каби тизимларида 446 та дорихона фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, онлайн дорихона хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги ҳамкорлар сони ҳам ортмоқда.
Сир эмас, мамлакатимизда кўп йиллар фармацевтика бўйича имкониятлардан тўла фойдаланилмаган. Кейинги йилларда дори-дармон, тиббиёт воситаларини ишлаб чиқариш, импорт-экспорт қилиш бўйича ислоҳотлар олиб борилди. Бунда соҳага инновацион ёндашувни татбиқ қилиш, илмга таяниш йўлидан борилмоқда.
Бу ерда мамлакатда фармацевтик таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган “GPH Academy” лойиҳаси фаолияти йўлга қўйилган. Академия соҳадаги мутахассис ва амалиётчиларнинг профессионал жамоат бирлашмаси саналади.
Бу ташаббус доирасида соҳага ихтисослашган қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Учта таълим даргоҳида амалий машғулот хоналари ташкил этилди. Уч минг нафар фармацевт малака ошириш курсларидан ўтди. Ўттиз нафарга яқин талаба ушбу лойиҳанинг стипендия ва грантларига эга бўлди. Шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар ходимларига эса халқаро “GPP” талаблари доирасида сертификат берилмоқда.
Бу каби лойиҳаларнинг мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳолатида аҳамияти катта. Мана шундай ташаббусларнинг рағбатлантирилаётгани аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳимлигини таъкидлан ўринли.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири