Фармацевтика: Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги янги босқичда
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Хитойнинг йирик "Guangzhou Pharma" компанияси раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама инвестициявий, илмий ва саноат салоҳиятини ошириш, фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида "Guangzhou Pharma" вакилларига мамлакатимизда фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, "BioPharma City" фармацевтика кластерининг имкониятлари ва унинг замонавий инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бир қатор устувор йўналишларини белгилаб олди. Жумладан, фармацевтика соҳасида қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари кун тартибидан жой олди.
Шу билан бирга, илмий салоҳиятни юксалтириш мақсадида фармацевтика, биотехнология ва косметик маҳсулотлар соҳаларида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида тажриба алмашишга келишиб олинди.
Музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида доривор ўсимликлар хомашё базасини ривожлантириш, уларни етиштириш, қайта ишлаш ва саноатда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, анъанавий ва халқ табобати йўналишларида илғор технологияларни жорий этиш ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар белгилаб олинган истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ва ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА