Фарғонада ёшлар ташаббуслари ва ютуқлари намойиш этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Ёшлар ойлиги доирасида ўтказилаётган “Ёшлар ташаббуслари марафони” тадбирлари давом этмоқда.
Фарғона шаҳрида жойлашган Аҳмад ал-Фарғоний номидаги истироҳат боғида ташкил этилган навбатдаги тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг ташаббуслари, инновацион ғоялари, амалга ошираётган лойиҳалари ва эришган ютуқлари билан яқиндан танишилди. Унда Фарғона вилоятида “Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” мавзусида ўтказилаётган халқаро семинар доирасида мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам иштирок этди.
Халқаро ташкилот вакили ёшларнинг турли йўналишлардаги лойиҳалари ва ишланмалари билан танишиб, уларнинг ташаббусларини юқори баҳолади.
Истироҳат боғи ҳудудида китобхонлик, тадбиркорлик ва бандлик, сунъий интеллект, стартаплар ҳамда бошқа соҳаларга бағишланган павильонлар ташкил этилди. Уларда ёшлар ўз лойиҳалари, ижодий ишланмалари ва истиқболли ғояларини кенг жамоатчиликка тақдим этди.
Тадбирлар давомида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижодий фикрлашини рағбатлантириш, инновацион ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-30064]
Шунингдек, мутахассислар иштирокидаги учрашув ва очиқ мулоқотларда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги режаларини амалга ошириш юзасидан зарур тавсиялар билан таъминланди.
Тадбирлар якунида фаол ёшлар, турли танлов ва лойиҳалар ғолиблари муносиб тақдирланди.
Шу куни Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр ва концерт саройи очиқ майдонида Ёшлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, турли соҳаларда фаолият юритаётган иқтидорли ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсати халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда, бу борадаги тажриба хорижий давлатларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шунингдек, Фарғонада ўтказилаётган “Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” мавзусидаги халқаро семинарнинг аҳамиятига тўхталиб, мазкур мулоқот майдони ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тантанали тадбирда Фарғона заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар мероси ҳақида ҳам сўз юритилиб, ёшлар ана шу улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга чақирилди.
Шу билан бирга, иқтидорли ва фаол ёшларнинг ютуқлари эътироф этилди. Жумладан, Дилафрўз Собированинг Harvard University олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани, Дилафрўз Жўрабоеванинг эса “Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги илк амбассадори сифатидаги фаолияти алоҳида таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА