Фарғонада ёшлар чемпионати қизғин ўтмоқда (+видео)
Юртимизда ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим спорт тадбирларидан бири айни кунларда Фарғона шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Ёшлар соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари раислигида спорт соҳасини янада ривожлантиришга бағишланган йиғилишда ҳам бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси сифатида ҳудудларда турли нуфузли мусобақалар ўтказилмоқда.
Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида бўлиб ўтган мазкур чемпионат ҳам шулар жумласидандир.
Мусобақанинг очилиш маросими тантанали руҳда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон қўл жанги федерацияси, Миллий гвардия ҳамда вилоят ҳокимлиги, шунингдек, ҳамкор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида сўз олганлар мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидлаб, ёш спортчиларга омад ва муваффақият тиладилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда спортчилар ўз маҳорат ва тайёргарлик даражасини намоён этишди.
Мазкур мусобақада юртимизнинг барча ҳудудлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган 500 дан ортиқ ёш спортчилар ғолиблик учун куч синашишди.
Ушбу чемпионат ёшлар ўртасида қўл жанги спорт турини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Таъкидлаш жоиз, бундай спорт тадбирлари ёш авлодни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар тантанали равишда тақдирланди.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/NdQLO41fb1g" title="Farg`onada yoshlar chempionati qizg`in o`tmoqda " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У. Тўхтаев (видео), ЎзА