Фарғонада иқтисодиётнинг ярми саноатлашган қишлоқ хўжалигига тегишли
Яқин йилларга қадар Фарғона вилояти қишлоқ хўжалигида пахта ва дон етиштириш асосий ўринни эгаллаган бўлса, сўнгги йилларда тармоқда сезиларли таркибий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, боғлар майдони икки баробар кенгайди, узум ва гилос етиштириш ҳажми эса 4–5 баробарга ошди. Қуритилган мевалар ҳам экспорт таркибида юқори ўринлардан бирини эгаллай бошлади.
Ўрмон хўжалигида дамлама гиёҳларни кўпайтириб, қайта ишлаб қадоқлаш ва хорижга сотиш йўлга қўйилди. Шунингдек, минглаб гектар пистазор, ёнғоқзорлар бунёд этилди.
Балиқчиликда-ку мислсиз ютуқларга эришилмоқда. Фарғона вилояти аҳоли эҳтиёжидан орттириб, балиқ маҳсулотларини четга ҳам чиқармоқда. Форель балиғи боқиш каби ноёб йўналиш ҳам очилган. Буларнинг барчаси қувончли натижа берди: 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида вилоятда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 41 млрд 711,5 млн сўмни ташкил этди.
Мазкур кўрсаткичнинг тармоқлар бўйича тақсимоти қуйидагича:
Деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ҳамда ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар – 37 268,5 млрд сўм;
Ўрмон хўжалиги – 4 028,9 млрд сўм;
Балиқчилик хўжалиги – 414,1 млрд сўм.
Таҳлилларга кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)лари умумий ҳажмининг 89,3 фоизи деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ҳамда ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу кўрсаткичлар вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги тармоғининг муҳим ўрин тутишини акс эттиради.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА