Фарғона халқаро аэропортида янги йўловчи терминали қурилади (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Бугунги кунда Фарғона вилоятига сайёҳлар, ишбилармон доира вакиллари оқими ошган. Бу борада йўловчилар учун қулай транспорт тизимини ташкил этишнинг аҳамияти юқори.
Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фарғона халқаро аэропортини келгуси йилларда ривожлантириш лойиҳаси билан танишди. Халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Фарғона халқаро аэропортини келгуси йилларда ривожлантириш, парвозлар географиясини кўпайтириш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан давлатимиз раҳбарига тақдимот ўтказдик, дея фикрини бошлади “O‘zbekiston Airports” АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев. – Президентимиз муҳим ташаббусни илгари суриб, Фарғона халқаро аэропортида янги йўловчи терминалини қуриш бўйича кўрсатма берди. Сабаби, ҳозирги мавжуд терминал ўттиз йилдан ошиқ вақт мобайнида фаолият юритади ва бугунги талабларга мувофиқ келмайди. Ўтказувчанлик қуввати, йўловчиларга қулайлик, авиация ва ноавиация хизматлари, майдон ҳамда стандарт жиҳатидан ҳам ўзгартиришларга зарурат мавжуд. Шу муносабат билан янги, замонавий йўловчи терминалини қуриш бўйича топшириқлар берилди.
Тақдимотда ўртача йигирма минг квадрат метрга мос терминал бино барпо этилиши ва уни халқаро стандартлар асосида лойиҳалаш, қуриш ва бошқаришга хорижий тажрибага эга мутахассислар ва хорижий операторларни ҳам жалб қилиш режалаштирилгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Фарғона халқаро аэропортида бор-йўғи олтита ҳаво кемаси тураргоҳи ва соатига 600 та йўловчига хизмат кўрсатадиган терминал мавжуд. Майдони 20 минг квадрат метр бўлиши кутилаётган янги йўловчи терминали ҳозирги имкониятларга нисбатан икки баробар кўп – 1,2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Шунингдек, қўшимча самолёт тураргоҳлари барпо этилиб, ҳаво кемаларини сақлаш имконияти 10 тагача етказилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Swk7VneYcg8?si=IAU9KAPPnetkcw6Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОВ (видео),
ЎзА