Фарғона маҳаллаларида ҳашар ҳамжиҳатликда ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Эрта тонгдан Фарғона шаҳри кўчалари бўйлаб аҳолини “Маҳалла обод - юрт обод” шиори остидаги умумхалқ ҳашарига чорлаган карнай-сурнай садолари эзгу ва хайрли ишга хайрихоҳ фарғоналикларни бир мақсад атрофида бирлаштирди.
Шаҳардаги Ўрмончилар маҳалласи аҳли азалдан бирдамликни хуш кўради. Ҳар ишда бирлашиб мақсадга етган маҳалладошлар давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллик тантаналари олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида ҳам фаол бўлишни истади.
Маҳалланинг кекса-ю ёши тонг саҳардан ўзи яшайдиган хонадон, кўча ва гузарни обод қилишга киришди. Бу жараён юрт ободлиги йўлидаги меҳнат байрамига айланди. Бундай дийдорнинг завқи бўлакча.
[gallery-18884]
Фарғона маҳаллаларида халқимизга хос бирдамлик, ҳамжиҳатлик, топганини қўни-қўшни, маҳалладошлар билан баҳам кўришдек хайрли ҳаракатлар ҳашар куни янада жонланди. Маҳалладаги мавжуд барча кўчалар, хонадонлар обод қилинди. Дарахтларга шакл берилди. Ариқ ва зовурлар қирғоқлари, ҳудуддаги турли ташкилот, муассасалар атрофи тозаланди.
Шунингдек, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган маҳалладошларнинг яшаш манзиллари ҳам тартибга келтирилди. Ногиронлиги бор, эҳтиёжманд, атрофдагилар кўмагига муҳтож оилалар холидан хабар олинди. Маҳалла қабристони ободонлаштирилди. Катта қозонда эрта тонгдан ҳашарчилар учун ош дамланиб, унинг бир қисми маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА