Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев “Ёшлар ойлиги” доирасида Тўрткўл туманидаги фаол ёшлар билан учрашди.
Учрашув доирасида дастлаб бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Бундан сўнг IT соҳаси мутахассислари томонидан соҳани ривожлантириш, IT хизматларини тақдим этиш ва катта даромад олишни йўлга қўйиш ҳамда ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантларни) жалб қилиш, донорлар билан ишлаш бўлими томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва турли лойиҳалар устида ишлашда грант маблағларини кенг жалб қилиш бўйича тақдимотлар, маълумотлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириғи билан ёшлар банки сифатида эълон қилинган “Алоқа банк”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва “Миллий банк” мутасаддилари томонидан ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Учрашувда дастлаб Жўқорғи Кенгес раиси мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи, алоҳида эътибори ва оталарча ғамхўрлиги натижасида улар учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Замонавий таълим муассасалари очилди, тадбиркорлик йўналиши бўйича кўплаб имтиёзлар берилди. Таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги ёшларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Учрашувда ёшлар бундай юксак эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлар учун Президентимизга алоҳида миннатдорчилик билдиришди. Шунингдек, тадбир давомида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг хоҳиш-истаклари, шунингдек, таклифлари тингланди, бир қатор муҳим ташаббус ва масалалар кўтарилди.

Ўз навбатида ҳар бир ташаббус ва таклиф Жўқорғи Кенгес раиси томонидан белгилаб олинди ва тез орада ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири