Фаол ва иқтидорли ёшлар тақдирланди
“INNO” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Инновацион ривожланиш агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олий таълим ташкилотлари ректорлари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Академик ҳаракатчанлик” дастури, “Бўлажак олим”, “Келажак муҳандислари”, “Мирзо Улуғбек ворислари” ҳамда бошқа республика миқёсидаги илмий-инновацион танловлар, олимпиадалар, фестиваллар ва мусобақаларда юқори натижаларга эришган, инновацион ташаббуслари билан ажралиб турган 21 нафар иқтидорли ёш “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур маросим ёшларнинг илмий изланишлари, инновацион ғоялари ва амалий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, илм-фан, инновация ва яратувчанлик йўлида изланаётган ёшлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий таянчи ва келажак бунёдкорларидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА