Фаол ва фидойи шифокорлар рағбатлантирилди
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида коронавирус билан зарарланган беморларни даволашда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари рағбатлантирилди.
Бугун бутун дунё аҳолисини жиддий ташвишга солаётган коронавирус хасталигини юқиши ва тарқалишининг олдини олиш, айниқса, касалликка чалинганларни даволаш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тиббиёт ходимларининг фаолияти алоҳида таҳсинга сазовор. Чунки шифокорлар хасталикни даволашга илмий ёндашган, мазкур жараёнда белгиланган тартиб ва тавсияларга қатъий амал қилган ҳолда самарали иш олиб бормоқда.
Шифокорларнинг самарали меҳнатлари ҳисобга олиниб Қўрғонтепа туман ҳокимлиги, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида тумандаги Юқумли касалликлар шифохонасида ташкил этилган коронавирус билан зарарланган беморларни даволаш масканида ўз вазифаларини фидойилик билан бажариб келаётган 40 нафар тиббиёт ходими рағбатлантирилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Отабек Турсунов, Қўрғонтепа тумани ҳокими Авазбек Эргашев иштирокида тиббиёт ходимлари ташаккурнома билан тақдирланди, уларга ун, гуруч, ёғ, умуман, 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
