Фаол тадбиркорларга юксак мукофотлар топширилди
Тадбиркорлик — иқтисодий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи муҳим куч. Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришда ташаббускор ишбилармонларнинг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда ўз ғояси, изланиши ва меҳнати билан иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сирдарё вилояти ҳокимлигида Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва фармойишларига мувофиқ, бир гуруҳ сирдарёлик тадбиркорларга давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Президентнинг тегишли фармони билан Гулистон шаҳридаги “Ideal study” НТМ раҳбари Шоислом Баратов “Соғлом турмуш” медали, “Dantes construction” МЧЖ таъсисчиси Дантес Устаджалилов “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
Шунингдек, ўз соҳасида самарали фаолият юритиб, янги ташаббусларни илгари сураётган, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ сирдарёлик ишбилармонлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мукофот соҳибларини Тадбиркорлар куни ҳамда юксак давлат эътирофи билан самимий муборакбод этди. Вилоят раҳбари тадбиркорларнинг яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, янги лойиҳаларни амалга ошираётгани, иш ўринлари ташкил этаётгани ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Бугун Сирдарёда тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият юритаётган ишбилармонлар нафақат ўз бизнесини ривожлантирмоқда, балки кўплаб инсонлар учун барқарор даромад манбаини яратмоқда. Айниқса, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30954]
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганлар сафида Гулистон шаҳридаги “Bosimov Rustam Raxmatulloyevich” МЧЖ таъсисчиси Рустам Босимов, Боёвут туманидаги “Абдумавлон Данияров” фермер хўжалиги бошлиғи Абдушохид Даниёров, Гулистон шаҳридаги “Истиқлол коммунал хизмат таъмир” БСК раҳбари Замира Зулпихарова, Гулистон туманидаги “Aleyna textile” МЧЖ раҳбари Гулчеҳра Нодирова, Гулистон шаҳридаги “ММХ ПРО” МЧЖ раҳбари Қобилжон Тўраев ҳамда Янгиер шаҳридаги “Eco wood plyus” МЧЖ таъсисчиси Отабек Ҳайитметов бор.
Улар орасида Гулистон туманидаги “Aleyna textile” МЧЖ раҳбари Гулчеҳра Нодированинг тадбиркорлик фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Корхонада трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, фаолиятнинг изчил кенгайиши натижасида янги иш ўринлари яратилмоқда. Айни пайтда маҳсулотлар Тошкент шаҳридаги ҳамкор ташкилотларга етказиб берилмоқда.
— Ростини айтсам, бу мукофотни кутмагандим. Юксак эътирофдан жуда хурсанд бўлдим. Бироқ ҳар қандай мукофот инсон зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Бу эътироф мени янада кўпроқ изланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва фаолиятимизни янада кенгайтиришга ундайди. Энди олдимизда янада катта мақсадлар турибди, — дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Гулчеҳра Нодирова.
Дарҳақиқат, юксак давлат мукофоти — эришилган натижаларга берилган муносиб баҳо бўлиш билан бирга, янги мақсадлар сари ундайдиган катта рағбат ва масъулият ҳамдир. Бундай эътироф тадбиркорларни янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга руҳлантиради.
Энг муҳими, бугунги эътироф соҳиблари эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмай, ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш ва эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш йўлида янада фаол ҳаракат қилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА