Евросиё от спорти ассоциацияси президенти Тошкентда
Пойтахтимизда от спортнинг конкур ва от йўрттириш йўналишлари бўйича ўтказилаётган FEI Жаҳон кубоги саралаш босқичи мусобақалари доирасида Евросиё от спорти ассоциацияси президенти, Россия от спорти федерацияси раҳбари Марина Сечина бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон спорт мутасаддиллраи иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, қўмита бош котиби Ойбек Қосимов, мамлакат йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев иштирокида ўтказилган учрашув давомида томонлар от спорти йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш мавзуларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, конкур бўйича Жаҳон кубоги саралаш босқичи ҳамда Евросиё лигаси мусобақаларини ташкил этиш жараёни юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот жараёнида меҳмонлар Ўзбекистонда оммавий спортни ривожлантириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, спорт инфратузилмасини халқаро даражага чиқариш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлигига юқори баҳо берди.
Билдирилган фикрлар асосида келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ва минтақада от спортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни давом эттириш борасида таклифлар илгари сурилди
Т. Рўзиев, ЎзА