Европада ўзбек давлатчилиги тарихи ва Темурийлар меросига қизиқиш ортмоқда
Ўзбекистонда тарих илми, миллий мерос ва давлатчилик анъаналарини чуқур ўрганишга қаратилган ислоҳотлар халқаро илмий доирада ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур ва Темурийлар меросини холис, манбалар асосида тадқиқ этишга қаратилган ишлар Европа илмий муассасалари билан ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё бошчилигидаги делегациянинг Европа мамлакатларига илмий сафари ана шу йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Сафар доирасида дастлаб жорий йил 26 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида илк бор “Амир Темур ва Темурийларнинг жаҳон тарихидаги ўрни” мавзусида илмий йиғин ташкил этилди. ФА Тарих институти, мамлакатимизнинг Венгриядаги элчихонаси ҳамда ELTE Гуманитар фанлар тадқиқот маркази ҳамкорлигида ующтирилган тадбир Президентимиз қарорига мувофиқ, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланди.

Анжуманда таниқли ўзбек ва венгр олимлари маърузалари тингланди. Хусусан, академик Азамат Зиё Соҳибқирон Турон ва жаҳон халқларини мўғулларнинг 150 йиллик зулмидан қутқариб, 15 миллион квадрат/километр ҳудудни эгаллаган улуғ салтанатда Иккинчи Ренессансга асос солганини таъкидлади ва 3000 йиллик ўзбек давлатчилиги тарихини бирламчи манбалар асосида холис ўрганиш бўйича ҳамкорлик таклиф қилди.

Академик Васари Иштван “Темурийлар давлатчилиги”, Пери Бенедек “Навоий ижодининг Усмонли адабиётига таъсири”, Миклос Саркози “Ғиёсиддин Али Яздийнинг “Саодатнома” асари таҳлили” ҳамда Онер Эрика “Европа архивларидаги Темурийлар маданияти излари бўйича муҳим илмий фактлар”ни тақдим этди.

Шунингдек, Венгрия “Турон” жамғармаси президенти Андраш Биро ва Венгрия ФА вице-президенти Бўршоўш Балаш билан учрашувлар ўтказилиб, қўшма илмий лойиҳаларни бажаришга келишилди.
Делегациямизнинг Вена шаҳрига ташрифи ҳам янгиликларга бой кечди. Австрия ФА Эроншунослик институти директори Флориан Шварс билан кечган мулоқотда Европа архивларидаги Турон тарихига оид манбаларни излашда ушбу муассаса кўприк бўлиши белгиланди.
Энг муҳим янгилик ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Габсбургларнинг Шёнбрун қароргоҳидаги “Миллионлар ўтоғи” хонаси деворида Буюк Бобурийлар салтанатининг XVI-XVII асрлардаги ҳукмдор ва маликалари ҳаёти, уруш саҳналари акс этган ўнлаб ноёб суратлар борлиги аниқланди.

Германия пойтахти Берлинда эса мамлакатимиз тарихчилари дастлаб Ташқи ишлар вазирлиги архивида бўлиб, қимматли ҳужжатларни ўрганди. Тадқиқот давомида ХХ асрнинг 20-йилларида Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятидан Германия олий ўқув юртларига юборилган ўзбек ёшлари, хусусан, Хайринисо Мажидхоновага оид ноёб ҳужжатлар топилди.
Сафар якунида Лейбниц номидаги Замонавий шарқшунослик изланишлари маркази директори, профессор Улрике Фрейтог билан музокара ўтказилиб, ФА Тарих институти ҳамда ушбу марказ ўртасида Ҳамкорлик келишуви имзоланди. Мазкур ҳужжат доирасида икки томонлама қўшма лойиҳалар амалга ошириш, хусусан ёзма манбаларни таржима қилиб, нашр этиш, ёш тарихчилар мактаблари очиш ҳамда докторантлар тайёрлашнинг ҳуқуқий асоси белгилаб олинди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА