Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати директори Александр Бортниковнинг таъкидлашича, яқинда Европа давлатлари ҳаво ҳудудида рўй берган дронлар билан боғлиқ воқеалар НАТО нинг, яъни Европа давлатлари махсус хизматлари томонидан қилинаётган “ўйин” эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеаларда Ғарб хизматлари иштирок этаётганига шубҳа йўқ. Бу ҳақда у 16 октябрь куни Самарқандда ўтказилган МДҲга аъзо давлатларнинг хавфсизлик ва махсус хизмат раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради "Интерфакс" агентлиги.
Бортников таъкидлашича, “Европа Иттифоқи ҳудудида гўёки Россия дронлари иштирокида рўй бераётган ҳодисалар” Ғарб давлатлари томонидан фаол тарғиб қилинаётган “Шарқдан таҳдид” концепциясига мос келади. Унинг таъкидлашича, дронларнинг пайдо бўлишини Россия билан боғлашга уринишлардан сўнг Ғарб давлатлари билан вазият янада кескинлашган. Бундан аввал, президент Владимир Путин ҳам бу ишларда Россиянинг айбини рад этган эди. У “Европа шаҳарларида Россия дронлари учуши учун ҳеч қандай мақсад йўқ”- деб вазиятни тушунтиришга уринган.
Сўнгги ҳафталарда Европа мамлакатларининг бир нечтасининг осмонида яна ноаниқ дронлар кузатилган. Улар Германиянинг Франкфурт-на-Майне ва Мюнхень каби йирик аэропортлари, шунингдек, мамлакат шимолидаги Киль шаҳри осмонида пайдо бўлган.
Бундай ҳодисалар бошқа давлатларда ҳам содир бўлгани айтилади. Масалан, Швецияда дронлар мамлакатнинг асосий ҳарбий-денгиз базасида қайд этилган. Норвегияда эса Росволл аэропорти яқинида уч нафар Германия фуқароси дронларни ноқонуний ишлатгани учун қўлга олинган. Бундай воқеалар сабабли Даниянинг Копенгаген ва Ольборга эропортларида парвозлар вақтинча тўхтатилган.
Бу ҳодисалар ортидан Ғарб махсус хизматлари Россияни Европага қарши гибрид уруш олиб бораётганликда айбламоқда. Худди шу нуқтаи назарни Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам тасдиқлаб, Россия томонидан қилинаётган бундай таҳдидларга қарши чоралар режаси тайёрланаётганини маълум қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9hclYd3Mo4o" title="Yevropa osmonida uchayotgan dronlar kimniki?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА