Эскроу тизими орқали 40 мингдан ортиқ битим расмийлаштирилди
Ўзбекистонда кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китобларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган эскроу тизими босқичма-босқич кенг жорий этилмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, янги тартиб аҳоли ва тадбиркорлар томонидан фаол қўлланилмоқда.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотдисида эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби амалиётга татбиқ этилди. Янги механизмга кўра, харидор маблағи тўғридан-тўғри сотувчига ўтказилмайди, балки банкда махсус эскроу ҳисобварағида сақланади. Битим тўлиқ якунлангач, маблағ сотувчига ўтказилади.
Марказий банк хабарига кўра, 1 апрелдан 7 майгача бўлган даврда эскроу ҳисобварақлари орқали жами 40 минг 767 та битим расмийлаштирилган. Шундан 23 минг 804 таси транспорт воситалари, 16 минг 963 таси эса кўчмас мулк олди-сотдиси ҳиссасига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида кузатилиб, бу ерда 11 минг 679 та битим амалга оширилган. Кейинги ўринларни Фарғона вилояти — 3940 та ва Самарқанд вилояти — 3614 та битим билан эгаллаган.
Шунингдек, Андижон вилоятида 3128 та, Наманган вилоятида эса 2856 та битим расмийлаштирилгани қайд этилди.
Экспертларнинг фикрича, эскроу тизими олди-сотди жараёнларида молиявий хавфларни камайтириш, ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Янги механизм орқали харидор ва сотувчининг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилиниб, битимларнинг хавфсиз амалга оширилишига хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА