Ертўладан топилган қарздор ота
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг қидирув шуъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида оталик масъулиятини аллақачон унутиб қўйган, фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган қарздор ота яшаш хонадонининг “ертўла”сидан топилди.
Чортоқ туманида яшовчи фуқаро М.М. маълум сабабларга кўра, турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетади. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, ундирувчи В.Н. фойдасига бир нафар фарзанди учун ҳар ойда алимент тўлаш белгиланади.
Мазкур ҳужжат Бюронинг туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда ижро ҳаракатлари олиб борилган. Қарздор ота алиментни тўламасликни ўзига “касб қилиб”, вояга етмаган боласи учун пулларини қизғанди. Бу орада қарздорлик миқдори 20 миллион сўмдан ортди.
Устига устак ишлаш у мақсадида Тошкент шаҳрига бориб, “беркиниб” юрди. Оқибатда унга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.
МИБ вилоят бошқармаси инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан бирга қидирув ишларини олиб борди. Бу натижа бериб, отанинг пойтахтдан ўз уйига қайтганлиги маълум бўлди. Лекин ходимлар олинган тезкор маълумотларга қараганда, яшаш хонадонига боришганда, оила аъзолари унинг келмаганини билдиришди. Ноилож, хонадон яшаш жойлари пухта кўздан кечирилганда, ота “ертўла”га яширингани аниқланди.
Белгиланган тартиб бўйича қидирувдаги шахс давлат ижрочига топширилди. Туман суди томонидан қарздорга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири